English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Табиий газ ҳақини вақтида тўланг
16:52 / 2023-05-04

Мамлакатимизда аҳолини табиий газ билан узлуксиз таъминлашда замонавий “ақлли” газ ҳисоблагичлардан оқилона фойдаланишга қаратилаётган эътибор миллий бойлигимиздан тежаб фойдаланиш ва истеъмолчиларнинг тўлов маданиятини шакллантиришда яхши самаралар бермоқда. Сурхондарё вилоятида бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳам бунга яққол далилдир.

Вилоятда 124 минг 149 табиий газ истеъмолчиси бор. Кейинги икки йилда уларнинг 121 минг 538 тасига замонавий газ ҳисоблагич ўрнатилиб, дастурга тўлиқ интеграция қилинди. Воҳанинг Денов туманида замонавий ҳисоблагич ўрнатиш якунланди. Термиз шаҳрида май ойи якунигача бу иш якунланиб, мавжуд 37 минг 569 хонадон фойдаланилган газ учун автоматлаштирилган тизим орқали тўловни амалга ошира бошлайди. Айни пайтда вилоят марказидаги хонадонларга 34 минг 442 та “ақлли” газ ҳисоблагич ўрнатилган.  

– Замонавий ҳисоблагич таъминотчига ҳам, истеъмолчига ҳам бир хил қулайлик яратди, – дейди “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Файзулло Ҳуррамов. – Жумладан, табиий газ учун қарздорлиги бўлган истеъмолчига тармоқдан автоматик тарзда ўчирилишдан аввал газ ҳисоблагич ўрнатилаётган вақтда истеъмолчи тақдим этган телефон рақамга огоҳлантириш СМС – хабарнома юборилади. Мазкур хабардан сўнг тўлов амалга оширилса табиий газ тармоқдан узиб қўйилмайди. Тўловни онлайн амалга ошириш имконияти ҳам мавжуд. Яратилган бу қулайликлар истеъмолчи ва таъминотчи ўртасида қарздорлик келиб чиқишининг олдини олади. Истеъмолчига уйдан туриб тўловни амалга ошириб, вақтини беҳуда сарфлашига йўл қўймайди.  

Маълумотларга кўра, бундай замонавий имкониятдан вилоятнинг Термиз туманида 7 минг 869, Ангорда 2 минг 787, Бандихон туманида 2 минг 187, Бойсунда 6 минг 200, Жарқўрғон туманида 5 минг 104, Қизириқда 2 минг 225, Қумқўрғонда 7 минг 354 истеъмолчи фойдаланмоқда. Музработ туманида 1 минг 674, Олтинсойда 663, Сариосиё туманида 11 минг 87, Шерободда 4 минг 449, Шўрчида 7 минг 866, Узун туманида 4 минг 575 истеъмолчи сарфлаган табиий газ учун ҳисоб-китоб ва тўловини автоматлаштирилган замонавий тизим орқали амалга ошираётир.  

–Туманда 18 минг 315 хонадон табиий газдан фойдаланади, – дейди “Деновтумангаз” газ таъминоти бўлими бошлиғи Олимбек Мавлонов. – Авваллари назоратчилар уйма-уй юриб, истеъмол қилинган табиий газни ҳисоб-китоб қилар ва қарздорлик юзага келган хонадонни тармоқдан узиб қўяр эди. “Ақлли” газ ҳисоблагич ўрнатилгач, назоратчиларга ҳам эҳтиёж қолмади. Қарздор истеъмолчи СМС хабар орқали огоҳлантирилгач ҳам тўловни амалга оширмаса, маълум муддат ўтгач, автоматик тармоқдан узилмоқда. Аксарият ҳолларда қарздорлик юзага келганидан хабар топган истеъмолчилар дарҳол тўловни амалга ошириб, қарздорликни бартараф этмоқда. Хўш, вилоятда бу борадаги аҳвол қандай? Барча истеъмолчилар ҳам қарздорлик юзага келганидан хабар топгач, табиий газ учун ўз вақтида тўлов қиляптими?  

–Ҳали ҳам фойдаланган табиий газ учун тўлов қилишни чўзиб келадиган истеъмолчиларимиз бор, – дея суҳбатни давом эттиради “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Файзулло Ҳуррамов .– Мисол учун, воҳада жорий йил апрель ойида хонадонига замонавий ҳисоблагич ўрнатилган 15 минг 368 истеъмолчи 492 миллион сўмликдан ортиқ қарздорлик учун СМС – хабарнома орқали огоҳлантирилган. Улардан 6 минг 938 нафарининг газ таъминоти 235 миллион 588 минг сўм қарздорликни белгиланган вақтда бартараф этмагани учун тармоқдан автоматик равишда тўхтатилган. Шундан сўнг 4 минг 35 истеъмолчи қарзини тўлагач, махсус код ёрдамида тармоққа қайта уланган. Қолганлари гарчанд хонадонига табиий газ етказиб бериш тўхтатилган бўлсада, тўловни амалга оширгани йўқ. Вилоятда истеъмолчиларнинг тўлов маданиятини ошириб, бундай оворагарчиликларнинг олдини олиш, юзага келган қарздорликни тўлиқ бартараф этиш учун туман ва шаҳар газ таъминоти идоралари ходимлари жойларда тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Шунингдек, миллий бойлигимиз бўлган табиий газдан тежаб фойдаланиш юзасидан тарғибот тадбирларини амалга оширмоқда.  

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА