French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Табиий газ билан таъминлаш барқарорлиги – аҳоли фаровон ҳаёти ва иқтисодиёт тармоғи кафолати (+видео)
20:38 / 2022-08-26

Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз

Энергетика вазирлиги тизимидаги “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти ва унинг тизимидаги корхоналар аҳоли ҳамда истеъмолчиларга магистрал газ қувурлари орқали табиий газ етказиб беради.

Барча соҳалар қатори мазкур ташкилот ва унга қарашли корхоналар фаолиятини бугунги кун талаблари асосида такомиллаштириш бўйича ҳам ислоҳотлар амалга оширилаётир. Жумладан, газ қувурлари ва компрессор станцияларини ХМИ/ХҲМТ маблағларини жалб этиш орқали қуриш, реконструкция қилиш, ер ости омборларида табиий газни сақлаш ҳажмларини ошириш, юқори босимли газ тақсимлаш пунктларида табиий газ оқимлари мониторинги ва бошқаруви тизимини ҳамда автоматлаштирилган назорат тизимларини жорий этиш каби ишлар шулар жумласидандир.

Айниқса, бу жараёнда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил  15 июндаги “Табиий газ бозорини ислоҳ қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши мазкур тизим фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

ЎзА мухбирининг “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти Методология департаменти бошлиғи Абдулаҳад ИСОҚЖОНОВ билан суҳбати ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ва тизимдаги ислоҳотларга бағишланди.

– Шу кунларда биз катта шодиёналар олдида турибмиз, – деди А.Исоқжонов. – Президентимизнинг жорий йил 1 августдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимиз бўйлаб туркум тадбирлар  “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган бош ғоя остида ўтказилаётгани нафақат халқимизни, балки турли идора ва ташкилотларни бир мақсад ва якдилликка бирлаштираётганидан далолатдир.

Ўз навбатида, бу каби байрам тадбирлари бизнинг тизимда ҳам кўтаринки руҳда ўтказилаётгани жамият ва унинг тасарруфидаги корхоналар жамоаси учун катта таассурот қолдирмоқда.  Албатта, бундай улуғ байрам тантаналари халқимизнинг шодон ва бахтиёр ҳаётидан далолат беради. 

 – Президентимизнинг жорий йил  15 июндаги қарори билан табиий газ бозорини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари белгиланди. Мазкур қарор билан «UzGasTrade» акциядорлик жамияти ташкил этилди. Бундай ўзгаришлар “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти фаолияти учун қандай имкониятлар беради?  

– Дарҳақиқат, “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти фаолиятида айрим ўзгаришлар бўлди.  Хусусан,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида қайд этилган қарори билан табиий газни марказлашган тартибда харид қилиш ва сотиш функциясини бажарувчи «UzGasTrade» акциядорлик жамияти ташкил этилди.  Ушбу жамият ташкил этилганидан сўнг табиий газни сотиб олиш ва сотиш вазифаси “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти функциясидан чиқарилди. Яъни, бугунги кунда “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти маҳаллий ва хорижий  корхоналардан табиий газни газ транспорт тизимига қабул қилиб олади. Сўнгра газ транспорт тизими орқали “UzGasTrade” акциядорлик жамияти истеъмолчиларига ҳамда “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятининг  газ тақсимлаш тармоқларига  етказиб беради.

Шу вақтга қадар “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти истеъмолчилар билан табиий газни  етказиб бериш  ва қабул қилиш бўйича шартномалар имзолар эди. Мазкур қарор билан жорий йилнинг 1 августидан ушбу ваколат «UzGasTrade» акциядорлик жамиятига ўтказилди. Демак, бугунги кунда “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти  фақат газ транспорт тизими  фаолиятини амалга оширадиган давлатнинг  ягона магистрал  газ узатиш оператори сифатида  фаолият  юритиши белгиланди.

Айтиш керакки, бу каби ўзгаришлар акциядорлик жамиятининг ўз олдига қўйган мақсадлари ва молиявий ҳолатини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.

– “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти ва унинг тизимидаги корхоналар  фаолияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз. Бугунги кунда жамият таркибида нечта магистрал газ қувурлари бошқармаси мавжуд?

– Айни кунда жамият тасарруфида 8 та магистрал  газ қувурлари бошқармаси фаолият юритади. Шунингдек, иккита газни ер ости сақлаш иншооти ва  “Урганчтрансгаз” унитар корхонаси  жамият тизимидадир.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/AMrxz42LmZs" title="ТАБИИЙ ГАЗ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ БАРҚАРОРЛИГИ – АҲОЛИ ФАРОВОН ҲАЁТИ ВА ИҚТИСОДИЁТ ТАРМОҒИ КАФОЛАТИ" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>

 Мазкур тизим корхоналари томонидан 13 минг 200 километрдан ортиқ  магистрал газ қурурлари ва тармоқларига, иккита газни ер ости сақлаш иншоотига, 420 дан ортиқ  газ тақсимлаш станциясига  ҳамда 22 та компрессор станциясидаги 232 та газ ҳайдаш  агрегатига хизмат кўрсатилади.

– “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти “2021-2023 йиллардаги магистрал газ транспорт  тизимини модернизация  қилиш”  дастури доирасида амалга ошираётган ишлар қандай  натижа беради? 

– Албатта, ушбу дастур тизим фаолияти учун катта қулайликлар яратади.  Дастурга кўра, жорий йил янги САЦ-2 магистрал газ қувурининг қурилиши кўзда тутилган. Ҳозирги кунда режадаги 80 километрлик магистрал газ қувурининг 51,7 километрида қурилиш ишлари якунланди. Қолган  қисмларида эса қурилиш-монтаж  ишлари давом эттирилмоқда. 

Бундан ташқари,  “Газли – Когон”  магистрал газ қувурининг янги, 4-тармоғида 146 километрлик масофасида қурилиш-монтаж ва  гидросинов ишлари  тўлиқ якунланди.  Ҳозир ушбу тармоқни асосий газ транспорти тизимига улаш ишлари бажарилмоқда.

“Янгиер – Оҳангарон” магистрал газ қувурининг 30- ва 120-участкаларидаги 95 километрлик масофасида қурилиш жараёни, Газли компрессор станциясида 10 та газ ҳайдаш агрегатини  янгисига алмаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Бу ишлар самарасида республикамизнинг шимолий қисмидан жануби-шарқий қисмидаги истеъмолчиларга йилига 4 миллиард 8 миллион метр куб табиий газни ўтказиб бериш имконияти яратилади. Шунингдек, Газли компрессор станциясида 10 та газ ҳайдаш  агрегати янгисига алмаштирилиши туфайли ушбу компрессор станциясидаги самарадорлик суткасига 60 миллион метр кубга етказилади.

– Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган (АСКУГ) тизими жорий этилиши жамият фаолиятида қандай ўрин эгаллайди?

– Бугунги кунда тизимда катта ўзгаришлар қилинмоқда. Улардан бири – Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган (АСКУГ) тизимидир. У амалда "online" ва "offline" режимларида ишлайди.

Хусусан,  “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятининг магистрал узатиш тизимидаги жами 1 минг 393 та газни тижорий ҳисоблаш ускунаси АСКУГ  тизимига уланган. Бу тизим биз учун очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Галдаги режамиз мазкур ҳисобдонларни Давлат солиқ қўмитасининг  маълумотлар базасига улашдир. Ҳозир бу борада тизимли иш олиб борилаётир.

Шу ўринда яна бир масалага тўхталиб ўтмоқчиман. Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан газ транспорт тизимида ягона техник ҳужжат яратиш мақсадида Республика магистрал газ қувурларининг  тармоқ кодекси ишлаб чиқилди. Ҳозир ушбу ҳужжат бўйича манфаатдор вазирлик ва идоралар  келишувлар олиб бормоқда.  Тармоқ кодекси қабул қилинган сўнг  республикада  газ транспорти  тизимига  уланиш ва унинг ҳисоб-китобига қадар барча жараёнлар мазкур ягона ҳужжат орқали амалга оширилади.

Шу вақтга қадар мамлакатимизда қўшни давлатлар газ транспорти  тизими билан боғланиш учун ҳужжат юритилмаган. Ушбу Тармоқ кодексида  Туркманистон, Қозоғистон,  Тожикистон, Қирғизистон  газ транспорти тизимларига уланиш учун ҳам алоҳида  норма  киритилган.  

– Об-ҳавонинг совиши куз-қиш мавсумига пухта тараддуд кўришга ишорадир. Шу маънода, “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти томонидан 2022-2023 йиллар  куз-қиш мавсумида  тизимнинг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича қандай чоралар кўрилмоқда?

– Албатта,  куз-қиш мавсумига тайёргарлик фаолиятимиздаги энг муҳим вазифалардан бири. Шу боис, жамият томонидан 2022-2023 йиллар  куз-қиш мавсумида  тизимнинг барқарор ишлашини таъминлаш борасида қабул қилинган чора-тадбирларга асосан белгиланган ишларни 1 октябрга қадар  якунига етказамиз.

Бу жараёнда ҳар икки ер ости газ иншоотида уч миллиард 200 миллион метр кубга яқин табиий газ жамланади. 89 та газ ҳайдаш агрегатини таъмирлаш ишлари, модернизация дастуридан ташқари 68,4 километр магистрал газ қувурларида аниқланган нуқсонли қисмлар алмаштирилади.

Қисқача қилиб айтганда, “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти фаолиятини такомиллаштириш йўлида кўрилаётган чора-тадбирлар нафақат аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, балки мамлакатимиз иқтисодиёт тармоғини табиий газ билан барқарор таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

ЎзА мухбири

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА суҳбатлашди.