2 февраль – Бутунжаҳон сувли-ботқоқли ҳудудлар куни
Сувли-ботқоқли ҳудудлар табиатнинг ажралмас бир бўлагидир. Улар сайёрамизда экологик мувозанатни сақлаш, озиқ-овқат ва бошқа истеъмол маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни қондириш, биологик хилма-хилликни таъминлаш, жамиятни барқарор ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
2 февраль – Бутунжаҳон сувли-ботқоқли ҳудудлар куни олдидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришлари вазирлиги ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Жиззах вилояти бошқармалари ҳамкорлигида Айдар-Арнасой кўллар тизимида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этди.
Ушбу ноёб табиий ҳудудларни муҳофазалаш мақсадида 1971 йил 2 февралда Эроннинг Рамсар шаҳрида сувда сузувчи қушларнинг асосий яшаш манзили бўлган халқаро аҳамиятга эга сувли-ботқоқли ҳудудлар тўғрисида халқаро конвенция қабул қилинган. Айни пайтда, Ўзбекистон ҳам мазкур конвенция аъзоси ҳисобланиб, мамлакатимиз ҳудудида жойлашган денгиз-кўллар 2002 йили, Aйдар-Aрнасой кўллар тизими 2008 йили шунингдек, Қуйимозор ва Тўдакўл сув омборлари 2020 йилда Рамсар конвенцияси рўйхатига киритилган.
[gallery-15716]
2008 йил 20 октябрь куни “Рамсар” Халқаро конвенциясининг 10-конференциясида кўллар тизимининг 63,3 минг гектар ер майдонида Арнасой орнитологик буюртмахонаси ташкил этилган ва ушбу ҳудудга Халқаро муҳофаза этиладиган кўллар мақомини белгиловчи 1841-сонли сертификат берилган ва сув ботқоқ қушларининг қишлаш жойи сифатида эътироф этилган.
Кўллар тизимининг умумий майдони 370 минг гектар, узунлиги 168 километр, ўртача кенглиги эса 25-30 километрни ташкил этади. Энг чуқур қисми 30-50 метрни, ўртача чуқурлиги 7 метрни ташкил этади. Айдар-Арнасой кўллар тизимининг сувли-ботқоқли ҳудудлари ўзига хос флора ва фаунаси билан ажралиб туради. Ҳар йили декабрь-март ойларида бу ерга 400 га яқин қуш турлари қишлаш учун учиб келади. Сўнгги йиллари Оролбўйи ҳудудларидан пушти ранг фламинголарнинг учиб келиши ҳам кузатилмоқда.
– Айдар-Арнасой кўллар тизимининг экологик ҳолатини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар алоҳида аҳамият касб этади, – дейди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришлари Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Шавкат Артикбаев. – 800 гектар ерда дарахт ва буталар экилмоқда. Жумладан, 2022-2023-йиллар давомида Айдар-Арнасой кўллар тизимига туташ бўлган 500 гектар ўрмон фонди ерларига Фориш давлат ўрмон хўжалиги ва Фориш давлат ўрмон ов хўжалиги томонидан саксовул майдонлари барпо этилди.
Тадбир давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб олди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА.