Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Табиатни шикастламанг, жарима тўлайсиз
11:02 / 2025-08-26

Ижтимоий тармоқда Денов туманидаги Нурли манзил маҳалласи ҳудудида кўп қаватли уй-жой қурилишида дарахтлар кесиб ташланганию, бошқа қонунбузилишларга йўл қўйилгани ҳақида тарқалган хабарни Сурхондарё вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари жойида ўрганди.

Ўрганиш чоғида қурилиш майдонидаги арча дарахтлари тегишли рухсатсиз кесиб ташлангани аниқланди. Тураржой биноси қурилиши баҳонасида яшил бойликларга чанг солиб, қонунбузарликка йўл қўйган Камолиддин Қиёмов ва Собир Болтаев (исм-шарифлар ўзгартирилди)га Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баробари, яъни 10 миллион 300 минг сўм жарима жазоси қўлланилди. Шунингдек, кесилган дарахтлар натижасида ўсимлик дунёсига етказилган 38 миллион 459 минг сўм зарарни ундириш белгиланди.  

Яна бир ҳолатда вилоят экологлари Миллий гвардия вилоят бошқармаси ва жамоатчи инспектор ҳамкорлигида Жарқўрғон тумани Олтинтепа маҳалласида ўтказган рейд чоғида “Оқтепа” массивида Мурод Холлиев ички ариқни қазиш жараёнида эҳтиётсизлик туфайли жийда дарахтини қўпориб олганига дуч келди. Бу қилмиши учун Мурод Холлиев ҳам 10 миллион 300 минг сўм жарима ва етказилган зарар учун 9 миллион 888 минг сўм тўлайдиган бўлди.  

Табиат жонкуярларининг Музработ туманидаги назорат тадбирларида Янги диёр маҳалласига яқин ҳудуддаги сув ўзанида ғайриқонуний балиқ овчиларини “қармоқ”қа илинтириб, Шеробод туманидаги Олтин воҳа маҳалласида яшовчи беш шахсни ашёвий далиллар билан ушлади. Балиқ овлашда тақиқланган усул –¬ қўлбола қармоқдан фойдаланган кушандалар 27 дона зоғора ва бир дона кумуш товон балиғини ноқонуний овлагани аниқланди.  

Экологик мувозанат ва ҳайвонот дунёсининг табиий кўпайиш жараёнига жиддий шикаст етказмоқчи бўлган қонунбузарлар бу қилмиши билан атроф-муҳитга 56 миллион 444 минг сўм зарар келтиргани маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар тегишли чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этиш учун тайёрланмоқда.  

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири