Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Табиатни муҳофаза қилишда янги босқич
15:49 / 2025-11-20

Ҳар биримиз учун табиат нафақат ҳаёт манбаи, балки соғлом ва барқарор келажакнинг асосий кафолатидир. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолининг хавфсиз ва соғлом атроф-муҳитда яшаш ҳуқуқини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Мамлакатимизда бу йўналишда ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий барқарор тизим шакллантирилиб, экологик хавфсиз муҳит яратиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш асосий вазифа сифатида белгиланди. Сўнгги йилларда қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорлар экотизимни барқарор бошқариш, аҳоли учун соғлом муҳитни таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 ноябрдаги “Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони ва 19 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори мамлакатда экологик сиёсатни янги босқичга олиб чиқадиган стратегик аҳамиятга эга ҳужжатлардир.

Ушбу ҳужжатлар Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фаолиятини йўлга қўйишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб, қўмита Президентга тўғридан-тўғри ҳисобдор бўлган, экологик хавфсизлик ҳамда табиатни муҳофаза қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли орган сифатида белгилаб қўйилди.

Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати — Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция)ни ташкил этишдир.  

Экополиция ходимларига махсус унвонлар берилади, улар 2025–2027 йилларда замонавий техника ва транспорт воситалари билан таъминланади. Ходимларга жисмоний куч, махсус воситалар ва резина ўқли хизмат қуролларидан фойдаланиш ҳуқуқи берилиши, хизмат кийимларига боди-камералар ўрнатилиши ҳам экологик қонун бузилишларининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимликлар томонидан дарахт ва буталарни кесиш ёки кўчиришга рухсат берувчи ҳужжатлар қабул қилиш қатъиян тақиқланди. Бу норма экологик экспертиза талабларини четлаб ўтиш, яшил майдонларни асоссиз қисқартириш ёки атроф-муҳитга зарар етказувчи қарорларни қонунийлаштириш ҳолатларининг олдини олади.

2026 йил 1 мартдан табиатга зарар етказганлик учун компенсация тўловларидан берилган барча имтиёзлар бекор қилинади. Яъни имтиёз беришга оид илгарги ҳуқуқий ҳужжатлар ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади. Бу эса табиатни муҳофаза қилиш талабларини барчага тенг қўллашни таъминлайди.

Экология соҳасидаги қонунбузарликлар учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкциялар қўллаш тартиби жорий этилиши ҳам муҳим янгиликлардан биридир. Жарималар фақат юридик шахсларга нисбатан қўлланади, бир ҳолат учун бир вақтнинг ўзида ҳам юридик, ҳам жисмоний шахсни жазолашга йўл қўйилмайди. Энг муҳими, жарима тўлаш ҳуқуқбузарни қонунчиликда назарда тутилган бошқа мажбуриятларни бажаришдан озод қилмайди.

Экологияни муҳофаза қилишда жамоатчиликнинг роли тобора оширилаётгани ҳам алоҳида қайд этишга арзийди. Янги тартибга мувофиқ, аҳоли экологияни ҳимоя қилишда бевосита иштирок этадиган самарали жамоат назорати механизмига эга бўлди. Эндиликда маҳалла аҳолисининг камида 10 фоизи рози бўлмаган тақдирда, маҳалладаги дарахтли ер майдонларини олиб қўйиш ёки бошқа мақсад учун ажратиш қатъиян ман этилади. Бу тақиқ кадастр маълумотларида ҳам акс эттирилиб, жамоатчилик иштирокини институционал даражада мустаҳкамлайди.

Қабул қилинган фармон ва қарорлар нафақат экологик бошқарувни янги босқичга олиб чиқмоқда, балки мамлакатда экологик сиёсатнинг самарали амалга оширилиши, яшил майдонларни сақлаш ва экологик хавфсизликни таъминлашда муҳим ҳуқуқий механизмни яратади. Улар орқали аҳоли ва маҳаллий жамоаларнинг экологик қарорлар қабул қилинишида фаол иштирокини таъминлаш, фуқаролар фикри эътиборсиз қолмаслигини ва яшил ҳудудлар ноқонуний қисқартирилишига йўл қўйилмаслигини кафолатлайди.

С. Утемуратова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзА