Бугунги кунда ҳар бир инсоннинг келажаги экология масаласи билан узвий боғлиқ. Сабаби соғлом ҳаёт тарзи энг аввало кундалик одатларимиздан бошланади.
Мисол учун, чиқиндиларни белгиланган жойларга ташлаш, сувдан тўғри фойдаланиш, табиатга ғамхўрлик қилиш – бу нафақат шахсий масъулият, балки жамият олдидаги бурч ҳамдир. Шу мақсадда мамлакатимизда ёшлар иштирокида қатор экологик тадбирлар ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти томонидан “Экология ва ёшлар” ойлиги доирасида Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида “Экологик одатлар ҳаётни ўзгартиради” мавзусида семинар ташкил этилди.

Семинарда институтнинг ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Айбек Базарбаев сўзга чиқиб, бугунги кунда талаба-ёшларнинг экологик маданиятини ошириш, уларни атроф-муҳитни асрашга кенг жалб этиш масалаларига алоҳида тўхталди.

“Экология ва саломатлик” аёллар клуби Кенгаши раиси Айдана Абдраҳманова ўз нутқида экологик одатларнинг кундалик ҳаётдаги ўрни ҳақида батафсил маълумот берди.

—Аксарият ҳолларда одамлар ўз соғлиғига эътибор берадию, лекин табиатга эътибор бериш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайдилар,—деди Айдана Абдраҳманова. — Аслида табиатга эътибор – инсон соғлиғига эътибор демакдир. Шу боис биз фарзандларимиз қалбида ёшликданоқ табиатга меҳр ўйғотсак, нафақат атроф-муҳитни, балки ўз келажагимиз ва фарзандларимизнинг ҳаётини ҳам асраймиз. Бугунги тадбирда айниқса ёшларнинг фаоллиги мени жуда қувонтирди, чунки ҳақиқий ўзгариш айнан улардан бошланади.
Шунингдек, тадбир давомида экологик мавзуларда тақдимотлар ўтказилди саволларга жавоблар берилди, талабаларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Ёшлар томонидан экологик тарғиботга оид ташаббуслар илгари сурилди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА