Ўзбекистон Экологик партияси ташкилотлари томонидан ёш авлод ўртасида мунтазам равишда экологик тарғибот тадбирлари, танловлар, учрашув ва давра суҳбатлари ўтказиб келинади. Асосий мақсад мурғак қалбли фарзандларимизни болалигиданоқ она табиатга меҳр, атроф-муҳитни асраш руҳида улғайтириш, уларда экологик маданиятни шакллантиришдан иборат.
Олмазор туманидаги 249-сонли мактабда ўтказилган тадбир ҳам айни мақсадга қаратилди. Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши, "Тасвирий ойна" ижодий уюшмаси, Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда “Табиатни асраш — инсонни, Ватанни асраш демакдир” номли кўчма фото ва тасвирий санъат асарлари кўргазмаси ташкил этилди.

Тадбирда экологик тарбия, иқлим ўзгариши, Орол фожиаси, сувни тежаш, ҳайвонот оламини асраш, табиатга меҳр-муҳаббат ва эҳтиёткор муносабатда бўлиш масалалари муҳокама қилинди. Ёшлар ўз фикр ва таклифларини билдириб, жонли мулоқотда фаол қатнашдилар.
Халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати Шаҳноза Умархўжаева сўзга чиқиб давлатимиз раҳбарининг “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти хусусида сўз юритди.

Шунингдек, Ёш экологлар ҳаракати фаоллари пойтахтимизда экофаоллар билан биргаликда тарғибот ишларини амалга ошириш, экологик таълим-тарбияни шакллантиришда ёшларнинг ўрни беқиёс эканини таъкидлаб ўтдилар.

Бу каби тарғибот ва тушунтириш ишлари ўсиб келаётган ёш аводни она табиатга меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
М.Комилова,
ЎзА