Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Табиатни асрашдаги илғор ташаббус
11:26 / 2021-05-31

Одамзотнинг яшиллик дунёси, дов-дарахт, ўсимликлар, гул-гиёҳларсиз яшаши мушкул. Инсоният табиатнинг бир бўлаги экани унинг юриш-туриши, саломатлиги, ҳолатида яққол ўз ифодасини топган.

Бугун инсониятнинг она табиатга етказган зарари унинг ўзига неча карра мушкулот бўлиб қайтмоқда, десак муболаға бўлмайди. Шу маънода Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик – 2030"(P4G) иккинчи халқаро саммитидаги нутқи долзарблиги, экологик вазиятга доир ўткир масалаларни илгари сургани билан аҳамиятлидир.

Дарҳақиқат, одамзотнинг она табиат ишига беаёв аралашуви сабабли иқлимда кескин ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Шарқираб оққан ариқлар қуримоқда. Катта авлод вакиллари илгари мутлақо билмаган турли касалликлар – аллергик, онкологик, вирусли ва бошқа хасталикларнинг кўпайиши, айримларининг мутацияси билан боғлиқ вазиятлар кўзга яққол ташланмоқда. Кучли шамол эсганидаги мураккаб вазиятни таърифлашга сўз ожиз. Баъзан қурилиш ишлари, баъзан ҳеч бир сабабсиз ҳам қанча-қанча дов-дарахтларга путур етгани, аҳоли турар жойларида эса айрим шоввозларнинг "ҳокимиятдан рухсатномамиз бор" важи билан азим чинорларга арра солганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Ғоят хатарли ва мураккаб кечган пандемия шароитида инсоннинг она табиат, экологик мувозанат, жамиятдаги ижтимоий муҳитнинг ўзаро чамбарчас боғлиқлиги яна бир карра кўзга ташланмоқда. Инсоният ресурсларни беаёв ишлатиши, табиатга муттасил зарар етказиши унинг ўзига мисли кўрилмаган хавф-хатар олиб келишини бугунги жараёнлар тобора аниқ ва равшан кўрсатмоқда.

Дунёнинг тараққий этган Япония, Жанубий Корея, Хитой каби давлатларида саноат, ишлаб чиқариш, қурилишлар қанча ривожланмасин, табиатга, дарахтлар, ўсимлик оламига ғоят катта эҳтиёткорлик ва меҳр билан муносабатда бўлинаётганини кўриш мумкин. Миллий боғлар мамлакат кўрки ва фахри. Ҳар бир ўсимлик, азим дарахтлар инсоннинг табиат билан уйғунлигига ишорадек. Боғларга одамлар кўнгилхушлик учун эмас, азбаройи табиатни севганидан, унга чексиз ихлосидан, яшиллик дунёсидан баҳра олиш учун боради.

Давлатимиз раҳбари нуфузли саммитдаги нутқида иқлим ўзгаришлари тобора кучайиб, фақатгина Марказий Осиё минтақасида сўнгги чорак асрдан ортиқ вақт мобайнида ҳарорат сезиларли даражада ортиб, сув ҳавзалари ва хилма-хиллик тобора камайиб бораётганини куюнчаклик билан қайд этди.

Айни пайтда Ўзбекистонда ҳам шу “Яшил иқтисодиёт”га ўтишнинг кенг қамровли стратегияси, Қайта тикланадиган ва водород энергетикасини ривожлантириш дастури амалга оширилаётганини таъкидлади.

Дарҳақиқат , мамлакатимиз Париж битими доирасида 2030 йилга бориб ҳавога зарарли газлар чиқаришни 10 фоизга камайтириш мажбуриятини олган. Мамлакатимиз минтақада биринчи бўлиб Глобал яшил иқтисодий ўсиш институтига қўшилди. Айни пайтда ушбу тузилманинг ваколатхонаси юртимизда очилиши кўзда тутилмоқда.  

Мамлакатимиз раҳбарининг нутқи халқаро миқёсда эътибор ва қизиқиш билан кутиб олинди.  

Ҳа, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан бу борада илгари сурилган ташаббуслар табиатни, экологик мувозанатни асрашда, шу орқали ижтимоий ва иқтисодий жабҳаларда тараққиётга эришишда муҳим омилдир. Айни пайтда атроф-муҳитга зарар етказишдан тийилиш, табиатни, яшиллик дунёсини борича асраб-авайлаш барчамизнинг муқаддас, ҳам фуқаролик бурчимиздир.

 

Назокат Усмонова, ЎзА