Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши, Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ҳамкорлигида пойтахтимиздаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Табиатни асраш — инсонни, Ватанни асраш демак” шиори остида расмлар танлови ўтказилди.
Танлов ёшларнинг экологик маданиятини ошириш, уларни табиатга меҳр ва масъулият руҳида тарбиялаш мақсадида ташкил этилди.

Ўқувчилар ўз расмларида табиатни асраш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, яшил макон яратиш, экологик муаммоларга бефарқ бўлмаслик каби муҳим ғояларни ижодий ёндашув орқали акс эттирди.
Бугун танлов ғолибларини тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши раиси С.Файзиева ёшларнинг экологик тафаккурини шакллантириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири эканини таъкидлади. Шунингдек, бундай танловлар ёш авлодни табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга, экологик муаммоларга бефарқ бўлмасликка ундаши алоҳида қайд этилди.

Танлов якунларига кўра, Тошкент шаҳрининг 12 та туманидан энг муносиб деб топилган бир нафардан иқтидорли ўқувчи ғолиб деб эътироф этилди. Тадбир якунида ғолиб ўқувчиларга эсдалик совғалари ва ташаккурномалар топширилиб, уларнинг ижодий изланишлари ҳамда ташаббуслари юқори баҳоланди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА