Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Табиатни асраб, авайлаш – инсоний бурчимиз
11:19 / 2025-10-23

Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитасининг Нукус филиали томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг олий ўқув юртлари талабалари ўртасида “Чиқиндидан янги маҳсулот” инновацион ғоялар ҳамда умумий таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Менинг яшил мактабим” номли видеороликлар танловлари ўтказилди.

Танлов 2 босқичда амалга оширилиб, биринчи босқичда ғолиб бўлган 12 нафар талаба ва умумий таълим мактаби ўқувчилари танловнинг финал босқичида иштирок этишди. Мазкур босқич Нукус Ёшлар Технопаркида бўлиб ўтди.

Ушбу танловларни ўтказишдан асосий мақсад – ёшларнинг экологик билимини ва маданиятини ошириш, экологик муаммоларга ечим топиш, экологик барқарорликка эришиш, харажатлар билан боғлиқ меҳнатларни амалга оширишнинг хавфсиз тизимини мустаҳкамлаш, чиқиндиларнинг инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга салбий таъсирининг олдини олиш, экологик соҳада фаол ёшлар ва ўсмирларни рағбатлантириш, табиатга зарар етказишнинг олдини олиш, чиқиндидан экологик янги маҳсулот тайёрлаш эди.

Танловга талабалар томонидан маиший чиқиндиларни қайта ишлаб, янги маҳсулот яратиш, чиқиндига иккинчи ҳаёт бағишлаш бўйича стартап лойиҳа ва ғоялар, шунингдек, ўқувчилар томонидан мактаб ҳудудларини ободонлаштириш, чиқиндилардан тозалаш мавзуларида видеороликлар тақдим этилди. Келиб тушган лойиҳа ва видеороликлар ҳакамлар ҳайъати томонидан уларнинг экологик самарадорлиги, инновацион ечими, амалиётга жорий этилиши ва жамиятда фойдаланиш жиҳатлари бўйича баҳоланди.

– Табиат биз учун катта тайёр ресурс. Лекин бизга бу ресурсдан тўлақонли фойдаланиш эмас, уни асраб-авайлаш, тўлдириб бориш маданияти керак. Агар биз табиатдан олаётганимизни қайтармасак,  бу – истеъмол, лекин уни қайтарсак – бу ривожланиш. Чиқиндидан фойдаланиш, сувни тежаш, яшил ҳудудларни кўкаламзорлаштириш – табиатни асрашнинг энг тўғри йўли. Биз ёшлар экологик муаммога инновацион ечим топиш йўлида изланяпмиз, – дейди Нукус техника университети талабаси, танлов ғолиби Мирас Менглибеков.

Танлов якунида ғолиблар ва фаол иштирокчилар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА