English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Табиати хушманзара шаҳар кимга ёқмайди?
11:55 / 2021-09-23

22 сентябрь жаҳон миқёсида "Автомобилсиз кун" сифатида нишонланди.

Шу куни автотранспорт эгалари автомобиль ва мотоцикллардан фойдаланмасдан, соғлом турмуш тарзини танлаб, велосипед ёки пиёда ҳаракатланишди. Бу билан улар ҳеч бўлмаса бир кунга ҳавони автомобилдан чиқадиган заҳарли газлардан тозалашга ўз ҳиссаларини қўшишди.  

Жаҳон интернет тармоқларидаги хабарларга кўра, ушбу сана, айниқса, Европа мамлакатларида, хусусан, Швейцария, Германия, Италия, Англия, Дания каби ўнлаб мамлакатларда кенг нишонланди. Норасмий ҳисоб-китобларга кўра, Автомобилсиз кун акциясида 1,5 мингдан ошиқ шаҳарнинг 100 миллион нафарга яқин кишиси бевосита иштирок этди. Бир кунлик автомобилсиз кун муносабати билан айрим шаҳарларда жамоат транспорти тенг ярмига зарар кўрган. Баъзи шаҳар жамоат транспорти ва такси хизмати 10-30 фоизгача арзонлашган.  

Юртимизда ҳам шу куни кўплаб юртдошларимиз автотранспортдан фойдаланмасдан, пиёда ва велосипедда юришди, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишди.  

Туризм ва спорт вазирлиги жамоаси юртимизда ўтказилган "Автомобилсиз кун" тадбирининг ташаббускори ва уюштирувчиси бўлди, десак муболаға бўлмайди. Улар бевосита ушбу кун тартибига амал қилган ҳолда юртимиз бўйлаб  #avtomobilsizbirkun челленжини уюштиришди ва  ва бу ташаббус кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланди.  

Айнан шу куни кечки пайти соат 20.00 да пойтахтимизда фаолият кўрсатаётган турли корхона ва ташкилотларнинг вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, кенг жамоатчилик жам бўлишиб,  #avtomobilsizbirkun челленжи доирасида Туризм ва спорт вазирлиги вазирлиги биносидан Эко-парккача бўлган 6 километр масофани велосипедда босиб ўтишди.  

– Маълумки, 22 сентябрь мамлакатимизда “Автомобилсиз кун”, деб белгиланган. Бу сана юртимизда ўтган йили ҳам нишонланганди. Бу йил эса унинг доирасидаги тадбирлар янада кенг қамровда ташкил этилди. Хусусан, бу йил барча ҳудудларни, ҳаттоки хориждаги дипломатик ваколатхона ходимлари, чет элда меҳнат қилаётган ватандошларимиз ҳам ушбу сана муносабати билан ташкил этилаётган челленжга жалб қилинди. Кўплаб вазирлик ва идоралар, корхона-ташкилотларнинг раҳбар ходимлари шахсий намуна сифатида ўз иш жойларига пиёда ёки велосипедда борганлиги эътиборли бўлди. Бу, аввало табиатга ижобий таъсир кўрсатди. Бундан ташқари, “Автомобилсиз кун” аксияси аҳолининг транспортсиз ҳаракатланиш кўникмасини шакллантиришга ёрдам берди, – дейди Туризм ва спорт вазирлиги мутахассиси Отабек Эшмаматов.  

Кечки велосайр якунида челленж иштирокчилари пойтахт кўчалари бўйлаб пиёда сайр қилишди ва бу орқали халқимиз орасида яёв юриш, унинг инсон саломатлигини мустаҳкамлашда аҳамияти беқиёслиги тарғиб қилинди.  

Тошкентда бошланган акция юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам нишонланди. Хусусан, Сирдарё вилоятида ўтказилган “Тунги велосайр” фестивали ҳамда пиёда юриш тадбирларида 500 нафардан ортиқ иштирокчи Гулистон шаҳридаги “Саховат” савдо марказидан Аҳиллик маҳалласи ҳудудига қадар бўлган масофани босиб ўтишди.  

Наманган вилояти Давлатобод туманида бўлиб ўтган тадбирларда 600 нафардан зиёд иштирокчи қатнашиб, 7,5 км масофани босиб ўтишди, дейилади Туризм ва спорт вазирлиги хабарида.  

Ташаббуснинг қаноти бор, дейишади. Тошкентда бошланган автомобилсиз ҳаракатланиш акцияси қайсидир маънода ўз самарасини берди. Асосийси, бир кун бўлса-да кўчаларимизни чангу ғуборга буркаётган юз минглаб транспорт воситаларининг ҳеч бўлмаган-да 100-200 таси ҳаракатланмади. Табиат камроқ заҳарланди. Аммо бу тадбирга амал қилмаган, кўчаларни тўлдириб, тирбандликларни юзага келтиришдан ташқари ўз соғлигига бефарқ элдошларимиз ҳам бўлдики, хайрли тадбирнинг манзарасига “лой чаплангандек” кўриниш олди.  

Бугун дунёнинг бир қатор мегаполис шаҳарлари ўз кўчаларини, хиёбонларини автомобиллардан холи ҳудудга айлантириш ҳаракатини бошлаган бир пайтда Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлигининг бир кунлик акцияси айни ҳолатга интилиш кўринишини олди. Муҳими, Ўзбекистонимизнинг хушманзара кўча ва боғлари барчамиз орзу қилган беғубор гўшага айланиши йўлида муҳим қадам ташланди.

Шу боисдан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “22 сентябрь – Автомобилсиз кун”, дея белгиланган тегишли ҳужжатига ушбу кун ҳақиқий маънода автомобилсиз кун бўлиб қолиши учун айрим ўзгартиришлар киритиш лозим, назаримизда. Бу энди мутасаддиларнинг саъйи-ҳаракатига, ташаббусига боғлиқ, албатта.  

Ахир, ариқларидан зилол сувлари оқиб турган, кўча-ю хиёбонларида гуллар ифори таралаётган, табиати хушманза шаҳар кимга ёқмайди, дейсиз?  

Тўлқин Рўзиев, ЎзА