Бухоро вилояти Пешку тумани Бобоҳожи маҳалла фуқаролар йиғини, Шовари қишлоғида ҳудудда саксовул ўсимлигини пайҳон қилиш, ноқонуний равишда кесиб талон-торож қилиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ амалга оширилаётган ишлар юзасидан йиғилиш ўтказилди. Унда сектор ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари, кенг жамоатчилик ва аҳоли қатнашди.
Дастлаб вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан тайёрланган видеоролик намойиш этилди. Ушбу маҳалла фуқаролари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар таҳлил қилинди.

Вилоятда экология ва атроф муҳитга зарар етказиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга қарши тизимли кураш олиб борилмоқда.
Давлат раҳбарининг 2021 йил 30 декабрдаги “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда экологик назорат соҳасидаги давлат органлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятнинг Пешку, Ромитан ва Жондор туманлари чўл ҳудудларида саксовул ўсимлигини ноқонуний кесиб талон-торож қилинишининг олдини олиш юзасидан Бухоро вилояти ИИБ, Экология ва Миллий гвардия бошқармаларининг ходимларидан иборат гуруҳлар ташкил этилган. Вилоятнинг чўл массивларида 83 маротаба тезкор профилактик ва рейд тадбирлари ўтказилди.

Олиб борилган тадбирлар давомида жами 74 та ҳолатда ҳуқуқбузарлар томонидан жами 102 куб саксовул ўсимлигини ноқонуний равишда кесиб олиб кетиш ҳолатлари аниқланган. Мазкур ҳолатлар юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган. 91 миллион сўм жарима ҳамда 63 миллион сўм табиатга етказилган моддий зарарларни ундириш чоралари кўрилган.
Ромитан тумани Газли шаҳарчасининг чўл ҳудудида ўтказилган навбатдаги тунги рейд тадбири давомида Пешку тумани Бобоҳожи маҳалласи, Шовари қишлоғида яшовчи 15 нафар фуқаро томонидан ноқонуний равишда давлат захира еридан саксовул ўсимлигини чопиб олиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги аниқланган. Тезкор тадбир давомида ҳуқуқбузарлар томонидан ваколатли идоралар масъул ходимларига нисбатан фаол қаршилик кўрсатилган.

Ҳолат юзасидан қонунбузар фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддасига кўра жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов иштирок этди.
Зариф Комилов, ЎзА