French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Табиатга ошуфта қалб
12:35 / 2026-01-21

Ерда ётган оддий тош ҳам ижодкор қўлида бутун бир оламга айланиши мумкин. Кўпчилик эътибор бермай босиб ўтадиган тошларда ранг, шакл ва ҳаётни кўра олиш — бу алоҳида туйғу, алоҳида иқтидор.

Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида истиқомат қилувчи ҳунарманд Феруза Бариева ана шундай инсонлардан. У табиатга бўлган меҳри, сабри ва тасаввури орқали жонсиз тошларга ҳаёт бахш этмоқда. Бир қарашда оддий кўринган тошлар унинг қўлида пингвин, гном, денгиз манзарасига айланади. Ушбу суҳбатда ҳунарманд ўз ижод йўли, илҳом манбалари ва қўл меҳнатининг қадри ҳақида гапириб берди.

—Ушбу ҳунарни эгаллашга нима туртки бўлган?

– Болалигимдан табиатга ошиқман. Ундаги ҳар бир ҳодиса мени ҳайратлантиради. Эрта тонгда баргларни шудринг қоплаши, ёмғир ёғиши, дарахтларнинг тебраниши менга сирли туюлади. Табиатнинг шу даражада мўжизалари кўпки, у ҳақда гапириб адоғига етолмайсиз. Уни фақат ҳис қилишгина мумкин. Биласизми, ҳаттоки ерда ётган тошларда ҳам бетакрор ранглар, ажойиб чизиқлар бор. 

Ёшлигимда журналист бўлишни орзу қилардим. Шеърлар ёзиб турардим. Тақдир тақозоси сабаб ҳамшираликни танладим. Турмушга чиққанимдан сўнг менга ижод қилиш завқи тинчлик бермасди. Фарзандли бўлганимдан кейин у билан тез-тез сайрга чиқардим. Кўпинча ерда ётган ажойиб шаклли тошларни териб йиғиб қўярдим. Яъни, коллекция қилардим. Орадан анча йиллар ўтди. Бир куни йиғиб қўйган тошларимдан денгизни ясамоқчи бўлдим ва буни уддаладим. Кейин тошлардан пингвинчаларни ясадим. Яна янги ғоялар туғилди.

–Иш жараёнида энг муҳим босқич қайси деб ҳисоблайсиз?

–Мен икки усулда ижод қиламан. Табиий тошлар ва цементлардан турли композициялар ясайман. Цементдан ясаган ҳайкалчаларимни ўзига ўхшатиш, яъни кульминацион нуқтаси мен учун жуда муҳим. Тошлардан ясайдиган ҳайкалларда эса асосан воқеани тасвирлаб бериш учун тошларни жой-жойига қўйиш ҳақида кўпроқ ўйлайман.

Иш жараёнида кўпроқ қайси турдаги тошлардан фойдаланасиз? Уларни қаерлардан оласиз?

–Тошларни асосан ўзим яшайдиган маҳалладаги кўчаларни айланиб юриб топаман. Одамлар уйларининг атрофига шағал тўккан бўлса, улардан рухсат олиб ўзимга кераклиларини териб оламан. Мен фойдаланадиган тошлар тоғлардан қазиб олинган йирик тошларнинг майда бўлаклари. Кейин  Чирчиқ дарёси қирғоғидаги тошларни ҳам териб келаман. Улар сувда ювилавериб жуда чиройли ҳолатга келган. Асарларимга ўзгача ижодий қувват бағишлайди. Думалоқ, япалоқ, чўзинчоқ шаклдаги қора тошларни кўчалардан терсам, декорация учун ишлатиладиган оқ тошларни сотиб оламан.

Қўл меҳнатига бўлган муносабат бугунги кунда қандай деб ўйлайсиз?

–Бугун табиий, яъни қўлда ясалган асарларга одамларнинг қизиқишлари жуда баланд. Тошлардан ясаган асарларимга кўпроқ мактаб ўқитувчилари ҳамда боғча тарбиячилари буюртма беришади. Мактабларга ботаника ва физика дарслари учун тўртбурчак шаклдаги тошлардан методик қўлланмалар ясаб берсам, боғчаларга турли эртак қаҳрамонларидан экспозициялар тайёрлаб бераман. Оилавий даромадим ёмонмас.

Миллий ҳунармандчиликни асраш ва ривожлантиришда аёлларнинг ўрни қандай?

–Жудаям катта. Чунки миллий ҳунармандчиликни асосан аёллар бажаришади: тикади, тўқийди, яъни нимадир яратади. Ўзим ҳам шундай аёлларнинг биттасиман. Мисол учун, гномлар бизнинг миллий қаҳрамонларимиз эмас. Лекин уларни бутун дунёда каттаю кичик яхши кўради. Айниқса, болажонлар. Шу боис гном ҳайкалчаларга талаб юқори. Мен ҳам талаб ва таклифга қараб маҳсулот тайёрлайман. Аммо ҳар бир ижод намунамда миллийлик акс этади. Гномларга ўзбекча қалампирнусха дўппичалар кийдириб қўяман. Уларни кимдир сотиб олиб, дунёнинг нариги чеккасига олиб кетса ҳам унинг бошидаги ўзбекча дўппи ҳаммани қизиқтиради. Мақсадим мен яратган асарлар орқали одамлар Ўзбекистонни танисин.

Режаларингиз?

–Уч нафар фарзандим, иккита набирам, кўплаб шогирдларим бор. Ҳозир  билганларимни шогирдларимга ўргатадиган ёшдаман. Ҳунаримни кўпроқ одамга ўргатиб, иш ўринларини яратишни ният қилганман. Бунинг учун менга жой ва маблағ керак. Яна тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш учун билим ва малака ҳам жуда зарур. Шу боис ҳозир кимё-технология соҳасида ўқияпман. Яъни, мен ҳар куни фойдаланадиган тошлар, цементлар ҳақида кўпроқ билишни истайман.

ЎзА мухбири 

Нигора Раҳмонова суҳбатлашди.