Экологик муаммолар тобора глобал аҳамият касб этаётган бугунги замонда экологик таълим ва тарбия энг муҳим устувор йўналишлардан бирига айланиб бормоқда. Бу ҳолат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик маданиятни юксалтириш, экологик маърифатни шакллантириш ва кенг тарғиб этишни талаб этмоқда.
Ўсиб келаётган ёш авлод қалбида экологик онг, билим ва маданиятни шакллантириш, уларни табиатни асрашга чорловчи таълим-тарбия орқали йўналтириш мақсадида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан изчил равишда турли кўринишдаги тадбирлар ташкил этиб келинмоқда.

Шу мақсадда, сентябрь ойи давомида экологик тарғибот ишлари доирасида “Экологиянинг ёш ҳимоячилари” лойиҳаси асосида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида қатор фаолиятлар амалга оширилиши режалаштирилган.
Жумладан, Жиззах вилояти экология бошқармаси, “Ёш экофаоллар ҳаракати” кенгаши ҳамда Экологик партиянинг вилоят кенгаши ҳамкорлигида Жиззах шаҳридаги 13-сонли давлат мактабгача таълим муассасасида “Табиат ва биз” номли расмлар танлови бўлиб ўтди.

Ушбу танлов доирасида болажонлар табиат ҳақидаги тасаввурларини, шунингдек, атроф-муҳитга оид билим ва қарашларини қоғоз ва асфальтда акс эттиришди. Расмлар орқали болалар нафақат табиатга бўлган муҳаббатларини, балки уни асраш, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини авайлаш, сув ва бошқа табиий ресурсларни эҳтиёт қилиш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш зарурлигини баён этишди.

Танловда иштирок этган барча болалар вилоят экология бошқармасининг “Фахрий ёрлиқ” ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Тадбир якунида эса болалар табиат ва она Ватан ҳақидаги шеър ва қўшиқларни ижро этиб, рақсга тушдилар.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари