Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Табиатга меҳр мактабдан бошланади
15:46 / 2025-12-20

Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитаси Нукус филиали томонидан Оролбўйи ҳудудида экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган турли лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.

Яқинда жамғарма яна бир хайрли ишга қўл уриб, ёш авлод қалбида табиатга меҳр, масъулият ва ватанпарварлик туйғуларини уйғотувчи ташаббусни амалга оширди.  

Ёш авлодни яшил келажак йўлида бирлаштиришни мақсад қилган жамғарманинг молиялаштириши билан Нукус шаҳри “Ақ жағис" маҳалла фуқаролар йиғинидаги 2-сонли умумтаълим мактаби атрофида “Мактаб боғи"  яратилди. Бу боғ ёш авлод учун маънавий ва экологик тарбиянинг янги марказига айланиши билан бирга, мактаб ўқувчиларининг она заминга меҳрини уйғотиш, уларни яшил муҳит билан яқиндан таништириш, экологик маданиятни чуқур англаш имкониятини яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Мактаб боғининг яратилиши билан Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитаси Нукус филиали, Қорақалпоғистон Республикаси Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги томонидан экологик акция ташкил этилди.

Тадбирнинг мақсади –  мактаб атрофини кўкаламзорлаштириш билан бирга, ёшларнинг экологик билимини такомиллаштириш, келажак авлоднинг атроф-муҳитга бўлган муносабати ва масъулиятини кучайтиришдан иборат.

Акция доирасида дастлаб мактаб атрофи ободонлаштирилди. Боғ ораларини суғориш учун ер ости қудуқлари қазилиб, насос ўрнатилди.  200 тупдан иборат гилос, олхўри, олма каби дарахт кўчатлари ўтқазилди. Боғни суғоришда ерости сувларидан самарали фойдаланиш мақсадида замонавий қуёш панели ўрнатилди.  

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

ЎзА мухби