Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Табиатга мафтун шоир ёдга олинди
10:04 / 2024-03-01

Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги "Қуёш" маҳалла фуқаролар йиғини кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси фундаментал кутубхонаси билан биргаликда Ўзбекистон халқ шоири Нормурод Нарзуллаевнинг 90 йиллигига бағишланган хотира кечаси ўтказилди.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда инсон қадрини устувор билиш, адабиётимиз ривожига ҳисса қўшган ижодкорлар хотирасини эъзозлашга катта эътибор қаратилмоқда.  

Нормурод Нарзуллаев шеъриятида Ватанга муҳаббат, она халқига ҳурмат ва эҳтиром, самимият, покиза туйғулар, меҳр ва садоқат устувор ўрин эгаллайди. Унинг кўплаб шеърлари асосида қўшиқлар яратилган.  

Нормурод Нарзуллаев 1934 йил 7 июлда Қашқадарё вилоятининг Касби туманида туғилган. 1956 йил Самарқанд педагогика институтининг тил ва адабиёт факультетини тутатган.  

Нормурод Нарзуллаев республикамизнинг бир қатор нашриётдарида самарали меҳнат қилган эди. Устоз шоирни яқинлари ва аксарият ижодкорлар меҳрибон, самимий, дилкаш, эзгуликка хайрихоҳ инсон, табиат гўзаллигига мафтун шоир сифатида хотирлайдилар.    

Илк шеърлар тўплами 1965 йили  «Суюнчи» номи билан чоп этилган эди. Ижодкор «Зарафшон зарлари» (1970), «Уфқларда кўзларим» (1973), «Лаҳза ва ларза» (1973), «Ёғду» (1974), «Нигоҳлар» (1967), «Севги сеҳри» (1981), «Аниқ вақт» (1989), «Қалбим қатралари» (1994), «Оқ фариштам, оппоқ фариштам» (1995) каби шеърий тўпламлар муаллифидир. Унинг «Амир Темур ҳақида қўшиқ» асари тарихий мавзуга бағишланган.  

Нормурод Нарзуллаев болаларга атаб ҳам бир қанча асарлар ёзган.«Шамолни ушлаган бола»,  «Бош майдон» ва бошқалар шулар жумласидандир.  

Кўплаб шеърлари қўшиққа айланган. Генрих Гейне, Евгений  Евтушенко, Қайсин Қулиев, Жобир Наврўз, Мўъмин Қаноат ва бошқа шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Нормурод Нарзуллаев шеърлари инглиз, вьетнам, чех, немис, поляк, турк, ҳинд, испан, француз ва бошқа хорижий тилларга таржима қилинган.  

Хотира тадбирида адабиётшунослар, қаламкашлар, Нормурод Нарзуллаевнинг фарзандлари, яқинлари шоирнинг фаолияти, ижод йўли, ибратли фазилатларини ёдга олдилар. Унинг Ватан, истиқлол, она-табиат ҳақидаги шеърларидан намуналар ўқилди.  

Н.Усмонова, ЎзА мухбири