Саксовулзорлар барпо этиш орқали кўчма қумлар мустаҳкамланади, чўлланиш жараёни секинлашади, унинг таъсирида ер устки қисмида шамолнинг тезлиги камаяди, чанг тўзонлар бўлиб ҳавога туз ва қум заррачаларини кўтарилиши камаяди.
Бир туп саксовул ўсимлиги тўрт тонна кўчувчи қумни тўхтата олади. 1 гектар саксовулзор йил давомида 1135 килограмм карбонат ангидрид газини ютиб 835 килограмм кислород ажратади. Бу эса ҳаво таркибини яхшилайди, атроф муҳитни ифлосланишига чек қўйилади.
Афсуски орамизда шундай инсонлар борки, табиатга зарар етказиб, кўплаб табиат инжиқликларини келиб чиқишига сабабчи бўлмоқда.
Бухоро вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан Атроф-муҳит ва биохилмахилликни асраш, саксовул, черкез, қандим ҳамда юлғун ўсимликларини кесилишини олдини олиш мақсадида доимий равишда назорат рейд тадбирлари олиб борилмоқда. Натижада бошқарманинг тезкор гуруҳ ходимлари ҳамда Шофиркон тумани бўлими ходимлари томонидан туманнинг чўл ҳудудларида назорат рейд тадбирлари ўтказилди.
Рейд тадбири давомида Шофиркон тумани яшовчи фуқаро Т.Г. Ғалаба чўл массивидан саксовул ўсимлигини олиб келаётганида инспекторлар томонидан ушланди.
Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузар фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 79-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 5 191 200 сўм жарима ҳамда табиатга етказилган зарар 10 300 000 сўм ҳисобланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.