Бухоро вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси тезкор назорат гуруҳи томонидан Ғиждувон тумани ҳудудида жойлашган Шўркўл сув омборида экологик назорат рейд тадбири ўтказилди.
Рейд давомида Ғиждувон туманида яшовчи икки нафар фуқаро томонидан электр токи ёрдамида ноқонуний балиқ овлаш ҳолати аниқланган. Улар томонидан 17 дона зоғора балиқ ва Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган 1 дона Туркистон мўйловдори балиқ тури овланган.

Ушбу ҳолат бўйича балиқлар экспертизага юборилди ва уларнинг электр ускунаси орқали овлангани тасдиқланди. Мутахассислар томонидан тақдим этилган агротехник хулосага кўра, фуқаролар томонидан табиатга етказилган зарар миқдори 107 532 000 сўм ҳисобланди.

Ҳуқуқбузарлик юзасидан далилий ашё сифатида 18 дона балиқ ҳамда 1 дона резина қайиқ ашёвий далил тариқасида олинди. Мазкур ҳолат юзасидан юқори турувчи органларга бирламчи ҳужжатлар юборилиб, ҳозирда тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.