Гулистон шаҳридаги Гулистон давлат университетида Сирдарё вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, “Тасвирий ойна” ижодий уюшмаси, O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши, Ўзбекистон Экологик партияси ва Миллий тикланиш партияси ҳамда бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили” ҳамда “Бутунжаҳон тозалик куни” муносабати билан фото ва тасвирий санъат кўргазмаси бўлиб ўтди.
Кўргазмада вилоятнинг таниқли рассомлари, ёш мусаввирлар ва сураткашлар Ўзбекистон табиати гўзаллигини, шу билан бирга уни асраб-авайлаш заруратини акс эттирган ранг-баранг асарларини тақдим этди. Эътиборга молик жиҳати шундаки, ижодкорлар нафақат табиатнинг бетакрор манзараларини, балки унга таҳдид солаётган экологик муаммоларни ҳам тасвирлаган. Сураткашлар эса турли ракурсларда олинган суратлар орқали атроф-муҳит барқарорлигини сақлашнинг муҳимлигини ёрқин акс эттирган.

Тадбирда «Тасвирий ойна» ижодий уюшмаси раиси Исфандиёр Латипов, Ўзбекистон бадиий ижодкорлар уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими раҳбари, рассом Анорбой Бойбеков ва бошқа санъат аҳли иштирок этди. Улар кўргазма иштирокчилари билан экология ва “яшил” иқтисодиёт мавзусининг аҳамияти ҳақида фикр алмашишди.

Кўргазмада талаба-ёшлар фаол иштирок этди ва асарларга катта қизиқиш билан муносабат билдирди.

– Намойиш этилган ижодий ишлар ёшларда она табиатга муҳаббат ва атроф-муҳит тозалигини асрашга дахлдорлик ҳиссини кучайтирди, – дейди O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши бўлим мудири Элёр Жўраев. – Бундай тадбирлар аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича тарғиботни янада самарали олиб боришга хизмат қилади.

Кўргазма якунида ёш рассом ва сураткашлар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири