15 апрель — Экологик билимлар куни
Бугун бутун Ер сайёрасида авж олаётган экологик муаммолар инсониятни ҳамжиҳатликда йўл тутишга, аянчли вазиятларга қарши биргаликда курашишга ундайди. Шу маънода кўплаб халқаро келишув ва битимлар тузиляпти, кенг жамоатчилик эътиборини экомуаммоларга қаратиш мақсадида турли экологик саналар белгиланган.

Жумладан, бугун — 15 апрель дунё миқёсида Экологик билимлар куни сифатида нишонланади. Бу кунни 1992 йил Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган БМТ конференциясида атроф-муҳит муаммолари муҳокамаси чоғида инсониятнинг ҳаёти ва барқарорлиги учун бутун дунё аҳолиси ўртасида экологик билимни тарғиб этиш мақсадида нишонлаш таклиф этилган.
Ушбу сана моҳияти ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Экологик партия фракцияси аъзоси Наврўзбек Юсупов қуйидагиларни баён қилди:
— 15 апрель дунё миқёсида Экологик билимлар куни сифатида нишонланади. Бу кун инсоннинг табиатга бўлган муносабатини қайта кўриб чиқиш, экологик хабардорликни ошириш ва барқарор ривожланиш мақсадида атроф- муҳитга эҳтиёткор муносабатни шакллантириш учун муҳим имконият ҳисобланади. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари нафақат экологлар, балки ҳар бир фуқаронинг кун тартибида бўлиши лозим.
Экологик билимлар — инсон ва табиат ўртасидаги мураккаб муносабатларни тушунишга ёрдам берадиган назарий ва амалий билимлар мажмуасидир. Бу билимлар инсоннинг табиатга бўлган ижобий муносабати, яъни табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ифлосланишни камайтириш, биохилма-хилликни сақлаш ва экологик барқарорликни таъминлашда муҳим ўрин тутади. Экологик саводхон инсон ўз ҳаёт тарзи орқали атроф-муҳитга камроқ зарар етказади, қайта ишлаш, энергияни тежаш, тоза муҳитни сақлаш каби фаолиятларда фаол қатнашади ҳамда ҳаётининг ажралмас қисмига айланади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам экологик таълимга катта эътибор қаратилмоқда. Мактаб ва олий ўқув юртларида экологик фанлар таълим тизимига жорий этилган. Миллий кадрлар базасида экология соҳасида мутахассислар етиштириш борасида узлуксиз кадрлар сиёсати ҳам йўлга қўйиб борилмоқда. Шу билан биргаликда давлат сиёсати даражасида "яшил иқтисодиёт", "экологик маданият", "қайта тикланадиган энергия манбалари" каби муҳим стратегиялар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Шунингдек, кўплаб нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фаоллар томонидан аҳоли ўртасида экологик маданиятни оширишга оид маърифий ишларни олиб бориш, ҳашарлар, кўчат экиш акциялари, турли лойиҳалар йўлга қўйилган.
Шунингдек, бугунги кунда нафақат биргина давлат, балки дунё ҳамжамиятида ҳам ҳар қанча саъй-ҳаракатларга қарамасдан, экологик муаммолар ҳамон долзарблигини йўқотмаган. Атроф-муҳитнинг ифлосланиши, сув ресурсларининг камайиши, чўлланиш, атмосферага зарарли моддалар чиқарилишининг кўпайиши каби муаммолар ҳалигача мавжуд. Бу муаммоларни бартараф этиш учун нафақат давлат, балки жамиятнинг ҳар бир аъзоси фаол қатнашиши лозим.
15 апрель — Экологик билимлар куни нафақат экологик маълумотлар олиш, балки амалий ҳаракат қилиш куни ҳамдир. Экологик таълимни кучайтириш, ўсиб келаётган авлодда табиатга нисбатан ҳурмат ва масъулият ҳиссини шакллантириш келажак учун қўйилган муҳим қадамдир. Агар ҳар бир инсон ўзини табиатнинг ажралмас қисми деб билса, келажак авлодларга тоза муҳит, соғлом ҳаёт қолдириш имконияти ортади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди. ЎзА