Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Табиат учун бирлашайлик!
11:21 / 2024-10-18

Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Экологик партияси томонидан шу шиор остида тарғибот тадбири ўтказилди.

Партия марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Абдушукур Ҳамзаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар партиянинг жорий йилги сайловда илгари сураётган сайловолди дастури ва унинг моҳияти ҳақида сўз юритди.  

– Бизнинг бош ғоямиз – мамлакатимизнинг барқарор ривожланиши йўлида бугунги ва келажак авлод учун қулай атроф-муҳитни яратиш, хавфсиз ва самарали яшил иқтисодиётга ўтиш, инсон ва табиат уйғунлиги устувор бўлган барқарор жамият барпо этиш, – деди Абдушукур Ҳамзаев. – Бугун иқлим ўзгариши, табиат мувозанатининг издан чиқиши дунё ҳамжамиятини жиддий ташвишга солиб турган ҳозирги вазиятда партиямиз атроф-муҳит барқарорлигига эришиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масаласи нафақат давлат ва жамият, балки ҳар бир инсон, оила ва маҳалланинг бирламчи устувор вазифаси бўлишига эришиш учун ҳаракат қилади. Ҳар бир инсоннинг соғлом атроф-муҳитга эга бўлиши, мусаффо ҳаводан нафас олиши, тоза ичимлик суви, хавфсиз ва экологик тоза озиқ-овқат истеъмол қилиши, келажак авлодларга муносиб Ватан қолдириш учун бугундан аниқ амалий чоралар кўриш  бизнинг асосий талабимиздир.

Тарғибот тадбирида Ўзбекистон Экологик партиясининг мамлакатнинг йўл инфратузилмаси учун ажратиладиган сумманинг муайян қисмини мажбурий равишда пиёдалар йўлакчаларини ташкил этишга йўналтириш, шаҳарлараро велосипед ҳаракати учун инфратузилма яратиш, автомобил йўли қатнов қисми ҳисобидан скутерлар ва велосипедларда ҳаракатланиш учун алоҳида йўлаклар ташкил этиш, Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида жамоат транспортидан доимий фойдаланувчи шахслар учун йўл ҳақини арзонлаштириб бориш тизимини босқичма-босқич йўлга қўйиш, аҳоли яшаш пунктларида бадбўй ҳид чиқараётган, локал оқова сув тозалаш иншоотлари бўлмаган корхоналар фаолиятини экологик талабларга жавоб берадиган технологиялар жорий этилмагунча тўхтатиш тартибини киритиш каби ташаббуслари сайловчилар томонидан қўллаб-қувватланаётгани қайд этилди.  

[gallery-19820]

– Бугунги тадбиримиз, умуман, шу кунларда давом этаётган сайловолди ташвиқотимиз орқали кенг жамоатчиликка партиямизнинг олий мақсади– соғлом келажак қуриш ғоясини етказишга ҳаракат қиляпмиз,– дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод Анвар Шамсиев.– Режаларимиз катта. Хусусан, яшил иқтисодиёт соҳасидаги халқаро тажрибаларни юртимизда кенг жорий қилиш бўйича бошланган ҳаракатларни изчил давом эттирамиз. Экологик “Тоза шаҳар” ва “Аҳоли яшаш пункти”ни яратиш бўйича давлат дастурлари, “Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепцияси” ва уни амалга ошириш бўйича дастур қабул қилиш ташаббусларини илгари сурамиз. Бу мақсадларимизга эришиш учун сайловчиларнинг фаол қўллаб-қувватлаши ва парламентда муносиб ўрин олишимизга ишонамиз.

Тарғибот тадбирида иштирокчилар Ўзбекистон Экологик партияси ва унинг номзодларини қўллаб-қувватлашга чақирилди.

 Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари