Глобал дунёда кузатилаётгани каби мамлакатимизда ҳам экология билан боғлиқ муаммолар долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу борадаги ҳолатни изга солиш учун, бир томондан иқтисодий аҳволни изчил яхшилаш талаб этилса, иккинчи томондан халқимиз орасида қадимда маълум бўлган экологик маданиятни тиклаш, тарихни ўрганиш ҳамда ундан ҳозирги шароитда фойдаланиш имкониятларини қидириб топиш тақозо этилади.
АОКАда ташкил этилган Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан соҳада амалга оширилаётган ишлар кўрсаткичи: эришилган натижалар ва келгуси режалар, шунингдек, экологик таълимни ривожлантириш истиқболларига бағишланган матбуот анжуманида соҳага оид маълумотлар тақдим этилди.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2024 йил баҳорги кўчат экиш мавсумида республика бўйича 138 миллион туп кўчат экилди. Ҳудудларда вазирлик, идора ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан 257 та “яшил боғ” барпо этилиб, уларнинг умумий сони 517 тага етказилди. “Очиқ бюджет” тизими орқали “Менинг боғим” лойиҳаси ишга туширилди. Фуқаролар томонидан ташаббус билдирилган 738 та лойиҳа орасидан 215 та лойиҳа ғолиб деб топилиб, жами 48,7 миллиард сўм молиялаштириш учун йўналтирилди.

Жорий йил якунига қадар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кузги кўчат экиш мавсумида республикада 75 миллион туп дарахт ва бута кўчати экилади. Кузги кўчат экиш мавсумида республика бўйича 134 та “Яшил боғ” барпо этилади. “Менинг боғим” лойиҳаси доирасида ғолиб деб топилган 215 та ташаббуснинг лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилади ва кузги кўчат экиш мавсумида “яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари”ни барпо этиш ишлари бошланади. Йил якунига қадар Оролбўйи минтақасида 300 минг гектар майдонда шундан, Қорақалпоғистон Республикасида 200 минг, Навоий вилоятида 50 минг, Бухоро вилоятида 40 минг ва Хоразм вилоятида 10 минг гектар майдонда “Яшил қоплама”лар барпо этилади.
Атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифасига мансуб саноат ҳамда йирик қурилиш материаллари, энергетика ва металлургия корхоналари томонидан ўз ва туташ ҳудудларида 10 миллион дона дарахт кўчати экилади ва “яшил белбоғ”лар яратилади. 56 та корхонада локал оқова тозалаш иншоотлари қурилади ва мавжудлари реконструкция қилинади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА