Иқлим ўзгариши ва инсониятнинг табиатга аралашуви оқибатида ҳар йили сайёрамизда минглаб гектар ботқоқликлар, кўллар ва сувли-ботқоқ ҳудудлар йўқ бўлиб кетмоқда. Бу эса биохилма-хилликка, иқлим ўзгаришига ва сув ресурсларининг йўқолишига жиддий таъсир қилади.
Ушбу глобал муаммонинг ечимларидан бири ҳисобланган “Рамсар” конвенцияси имзоланган кун – 2 февраль Бутунжаҳон сувли-ботқоқ ерлар куни сифатида кенг нишонланади. 1971 йилда Эроннинг Рамсар шаҳрида имзоланган Сувли-ботқоқ ерлар тўғрисидаги конвенция(“Ramsar convention”)нинг асосий мақсади ботқоқлар, кўллар, дарёлар, саёз денгизлар ва сув ўсимликлар ва ҳайвонларнинг яшаш шароитларини белгиловчи асосий омил бўлган бошқа табиий объектларни асраб-авайлаш ҳамда улардан оқилона фойдаланишдир.
Конвенция сув-ботқоқ ҳудудларнинг камайиб кетишининг олдини олиш, ҳудудлардан оқилона фойдаланишни таъминлаш, биохилма-хилликни муҳофаза қилиш, бу масалаларда давлатлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш каби вазифаларни ўз ичига олади. Бугунги кунда “Рамсар” конвенциясига 172 та давлат аъзо бўлиб, улар ўз ҳудудларидаги муҳим сувли-ботқоқ экотизимларини муҳофаза қилишни мажбурият сифатида қабул қилган.

Ўзбекистон мазкур конвенцияга 2001 йилда қўшилиб, мамлакатимиздаги сувли-ботқоқ ҳудудларни муҳофаза қилиш бўйича бир қатор ташаббусларни амалга оширмоқда. Масалан, “Рамсар сувли-ботқоқ ерлар рўйхати”га юртимиздаги Денгизкўл, Айдар-Арнасой кўллар тизими, Тўдакўл ва Қуйимозор сув омборлари ва Судоче кўли киритилиб, бу ҳудудларни сақлаш бўйича давлат ва халқаро ташкилотлар ҳамкорликда иш олиб бормоқда.
Айниқса, бу борадаги саъй-ҳаракатлар 2025 – “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да жадаллик билан давом эттирилади. Эътиборли жиҳати шундаки, 2024 йилда Қорақалпоғистондаги Жилтирбас кўли ушбу рўйхатга бешинчи жой сифатида киритиш номинациясига эга бўлди. Бу борада тегишли сертификат Самарқандда бўлиб ўтган БМТнинг ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича конференцияси доирасида Ўзбекистон томонига топширилди.
Орол денгизи минтақасида сув-ботқоқ ерларининг ҳалокатли қисқариши билан Жилтирбас кўли уй қуриш ва миграция даврида халқаро миқёсда ноёб қушлар учун ҳам, Марказий Осиё чўлларининг биологик хилма-хиллиги, шу жумладан, зич қамиш ва буталар, шўр ботқоқлар, ботқоқликлар, каналлар ва чўллар учун катта аҳамиятга эга. Бундан ташқари, кўлда Оролбўйи минтақасига хос ноёб балиқ турлари яшайди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, “Рамсар” конвенцияси сайёрамизнинг табиий бойликларини сақлаб қолишда муҳим аҳамият касб этади. Бу нафақат экотизимлар барқарорлиги, балки инсониятнинг келажаги учун ҳам ғоят зарурдир.
Ҳар биримиз табиатни асрашга ўз ҳиссамизни қўшиб, сув-ботқоқ ҳудудларни муҳофаза қилишда фаол иштирок этишимиз лозим. Чунки табиатни муҳофаза қилиш келажак авлодлар учун соғлом ва барқарор муҳит яратиш демакдир.
Одилжон Мамадалиев,
Наманган вилоятидан Олий Мажлис Қонунчилик
палатасига сайланган депутат, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси.
ЎзА