Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Табиат билан ҳамнафас рассом
15:25 / 2025-11-20

Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, истеъдодли рассом Қўчқорбой Акбаровнинг “Табиат ва мен” номли шахсий кўргазмаси очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда ижодкорнинг 100 дан ортиқ рангтасвир ва графика асарлари намойиш этилади.

Қўчқорбой Акбаров 1950 йил Тошкент вилояти Янгийўл туманида туғилган. П.Бенков номидаги республика рассомлик коллежини ҳамда Тошкент Театр ва рассомлик институтини тугатган.

Унинг асарлари республика ва ҳалқаро кўргазмаларда намойиш этиб келинган.

[gallery-26356]

Кўргазмада қайд этилганидек, рассом ўзини табиат билан мулоқотсиз тасаввур этолмайди. Галдаги кўргазма экспозициясидаги ишларда ҳам ижодкорнинг табиатни ич-ичидан ҳис эта олиши, табиатга, унинг унсурлари ва ҳолатларига ҳаяжонли бир кайфиятда мурожаат этишдан ўзини чеклай олмаслиги сезилиб туради.

Қўчқорбой Акбаров аксарият асарларининг композициялари жуда кичик бўлишига қарамасдан, мавзу ва сюжет тўлақонли талқин этилган. Бу эса рассомнинг маҳорати кучли, ранглар муносабатини теран тушуниши ва қўллай олишидан далолат. Ижодкорнинг севимли машғулотларидан бири ов қилиш, ов кенгликларини ва ўлжаларини ижодида муҳрлаш. Асарлар мавзусини танлаши, уларни талқин этишидан кўринадики, ов жараёни ижодининг ўзига хос қирраларини кашф этади.  

Қ.Акбаровнинг акварелда ишлаган картиналари ҳам алоҳида эътиборга молик. Улардаги қоғозга сизиб сингиб кетаётган рангларда айни дам ҳолати ва кайфияти ўзининг нафис ифодасини намоён қилади. Кишида енгил ва покиза бир ҳисни, кайфиятни уйғотади. “Биринчи қор”, “Эски масжид кўчаси”, “Куз манзараси” “Ов кенгликлари”, “Ёмғирли кун”, “Ботқоқ қушлари”, “Ботқоқликда қуёш ботиши”, “Эрталабки манзара”, “Кўл бўйида” каби асарлари шулар жумласидан.

Шунингдек, рассом графикада ҳам ажойиб композициялар ва этюдлар яратган. Уларда унинг касбий тажрибаси беқиёслиги, турли техник воситаларни устамонлик билан қўллай билиши кўзга ташланади.

Гулноза Бобоева, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА