Тўй миллат келажагига дахлдор масала
Шодон кунларни қариндош-уруғ, маҳалла, ёру биродарлар даврасида тўй қилиб нишонлаш халқимизга хос урф-одат, оилавий маросим ҳисобланади.
Маънавият сабоқлари
Шодон кунларни қариндош-уруғ, маҳалла, ёру биродарлар даврасида тўй қилиб нишонлаш халқимизга хос урф-одат, оилавий маросим ҳисобланади. Тўй – дуо олиш, хайрли ишларга ундаш, келажакдан эзгулик кутиш демак. Шу боис, нуроний отахонларимиз, кайвони момоларимиз ҳаммамизни ҳам тўйга етказсин, дея дуо қилади. Бошқача айтганда, тўй – халқимизнинг азалий қадрияти.
Халқимиз фаровонлиги кундан-кун ошиб борган сари оилавий маросим ва тадбирлар тўкин дастурхон атрофида ўтказилмоқда. Оила – мўъжаз Ватан. Ҳар бир оила – ўзига хос бетакрор олам, демак, ҳар бир оиланинг ўз тутуми, талаби, мезон ва ички қонунияти бор.
Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудидаги тўй маросимлари ўзига хос, бир-биридан гўзал удумлар билан ўтади. Шунинг учун уйланиш, қиз узатиш, бешик тўйи каби маросимларда умуммиллий одатлар асос бўлса-да, улардаги бир қатор фарқларнинг кузатилиши ҳам табиийдир.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан замонавий намунали оилани қандай мезонлар асосида шакллантириш, қадрият ва расм-русумларнинг оилавий муносабатларга таъсири турли минтақалар кесимида илмий-амалий жиҳатдан тадқиқ этилди. Тадқиқотлар давомида тўй-ҳашамлар ва бошқа оилавий тантана ҳамда маросимлар ўтказилишини тартибга солиш бўйича кенг жамоатчилик фикри атрофлича ўрганилди, натижалари бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
Масалан, тадқиқотларимиздан бири Самарқанд вилоятида ўтказилган бўлиб, унда иштирок этган респондентлар замонавий намунали оиланинг моделини яратишда оилада маънавий-психологик соғлом муҳит мавжуд бўлиши, ота-онани ҳурмат қилиш, фарзандларни миллий қадрият ва урф-одатлар асосида тарбиялаш, уй-рўзғор ишларини оқилона олиб боришга эътибор қаратиш каби омилларга урғу беришган. Улар дабдабали тўй қилиш ниятида эмас, аксинча, фарзандлар камоли ва бахтини кўриш, уларнинг обрўли, илмли, олиму кашфиётчи бўлиб вояга етишини орзу қилади. Сўровда иштирок этган респондентларнинг яна бир қисми жигарбандларининг маънан, жисмонан соғлом бўлиши, спорт ва ижодий тўгаракларга қатнашиб, донгдор спортчи, рассом, тадбиркор бўлиши, юртимиз шаънини улуғлаши, толеи баланд инсон бўлиб улғайишини истайди ва шу орқали маҳалла-кўй, эл-юрт олдида ҳурмат-эътибор топишни ният қилади.
Демакки, ёшларимиз намунали оила қуришга, миллий қадриятларни сақлаб қолган ҳолда янгиликка, илму маърифатга, тараққиётга, инновацион ривожланишга интилмоқда.
“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан маросимларнинг оила ҳаётидаги ўрни бўйича ҳам алоҳида тадқиқот, шунингдек, урф-одат ва анъаналаримизнинг бугунги ҳаётий моҳияти бўйича сўров ўтказилди.
Наманган вилоятининг шаҳар ва туманларида ўтказилган ушбу сўровлар юзасидан респондентлар фикрини ўрганиш ва муҳокама қилишга оид уч босқичли чуқур илмий тадқиқот ўтказилди.
Тадқиқотда қатнашган аксарият респондентлар кераксиз сарпо-суруқлар, ким ўзарга беҳисоб тоғаралар юбориш, хуллас, йиллар давомида емай-ичмай, йиғиб-терганини бир кунда кўкка совуриш оиланинг иқтисодий аҳволига, фаровонлигига салбий таъсир қилаётганини, қолаверса, қуда-андалар ўртасида турли низолар келиб чиқиши ва ажрашишларга сабаб бўлаётганини куюнчаклик билан қайд этган.
Респондентларнинг барча фикр-мулоҳазаларини умумлаштирган ҳолда айтиш мумкинки, дабдабали тўй, саноғи йўқ сарполар ҳеч қачон бахтга кафолат бўлмаган. Лекин фарзандни комил инсон, беназир илм-ҳунар соҳиби қилиб тарбиялаган ота-она ҳамиша эл дуосини олган.
Шу ўринда, беихтиёр хаёлимиздан атоқли адибимиз Абдулла Қодирийнинг “Бахтсиз куёв” драмасидаги “Бидьат тўйга исроф бўладурған оқчага ўғилларингиз ва қизларингизни ўқитинглар” деган сўзлари ўтади.
Тадқиқотда иштирок этганларнинг фикр ва талаблари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг 2019 йил 14 сентябрдаги “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарорида келтирилган меъёрлар билан тўлиқ ҳамоҳанглигини кўрсатмоқда.
Юқоридаги салбий ҳолатлар тобора авж олиши оилаларнинг нафақат ижтимоий аҳволига, балки бутун ҳаётига, қолаверса, жамиятимиз нинг маънавий муҳитига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Қўшма қарорда мазкур ҳолатларга чек қўйиш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшларда тежамкорлик маданиятини шакллантириш мақсадида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни қатъий тартибга солишни даврнинг ўзи тақозо этаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилган.
Ўзбекистондаги демократик ва иқтисодий-ижтимоий ўзгаришлар, аёлларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокининг фаоллашуви, урбанизация ва глобаллашув каби жараёнлар оилаларнинг замонавий моделга ўтишини тақозо этмоқда.
Бу оила моделининг асосий мезони – ижобий маънавий муҳит, фарзандларнинг маънавий-ахлоқий тарбияси, уларга замонавий таълим ва касб-ҳунар бериш, илм чўққиларини эгаллаш учун шароит яратиш ва даромадни ўринли тақсимлай олиш, энг муҳими, оилавий қадриятларни сақлаб қолган ҳолда замонавий фаровон оила қуришдир.
Шу ўринда фикримизга исбот сифатида бир мисол келтириб ўтмоқчимиз. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 август куни Шайхонтоҳур туманига ташрифи давомида берган топшириғи ҳамда “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан ўтказилган илмий тадқиқот натижалари асосида республика бўйлаб “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” фаолияти йўлга қўйилган. Мазкур инновацион мактабларга ФҲДЁ бўлимларига турмуш қуриш учун ариза берган ёшлар ихтиёрий равишда келиб, бепул ўқийди.
Мазкур мактабларда никоҳланувчи жуфтликлар учун ахборот-коммуникация технологияларининг ёшларбоп, замонавий ютуқларидан самарали фойдаланган ҳолда, креатив ёндашув ва илмий-инновацион усуллар ёрдамида 16 соатлик машғулот ўтказилади.
Ҳозирга қадар республикамизнинг вилоят ва туман марказларида 137 инновацион мактаб фаолият олиб бормоқда. Уларнинг фаолиятига психолог, педагог, иқтисодчи, ҳуқуқшунос каби 400 дан зиёд мутахассис жалб этилиб, ҳозирга қадар 18 мингга яқин жуфтлик ёки қарийб 36 минг бўлғуси келин-куёв ўқитилди.
Марказимиз томонидан оила масалалари бўйича олиб борилган инновацион тадқиқот ва сўров таҳлиллариги кўра, мамлакатимиздаги ҳар бир ота-она ўз фарзандининг ибратли ва замонавий оилада камол топишини исташи маълум бўлди. Давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган, ўзи фаолият юритаётган соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшаётган, оилага садоқати ва фарзанд тарбиясидаги ибрати билан халқ эътирофига сазовор бўлаётган оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган маърифий тадбирлардан бири бу – “Ибратли оила” республика кўрик-танлови.
Бу йилги кўрик-танловда 70 мингга яқин оила иштирок этди. Марказимиз мазкур танлов тарғиботи давомида республика, вилоят ва ҳар бир туман даражасида “Кўринг, ҳавас қилинг, ибрат олинг” мавзусида учрашувлар, давра суҳбатлари ва оддий ўзбек оиласининг эзгу ҳавасларини ўзида мужассам этган бошқа тадбирларни режалаштирган. Кўрик-танловда ғолиб ва совриндор бўлган оилаларга марказимиз ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан махсус диплом ва эсдалик совғалари берилди.
Хулоса қилиб айтганда, тўйлар оила, юрт келажаги ва миллат тақдирига дахлдор масала. Бу ҳақда кўп баҳс юритиш мумкин. Шу боисдан фикр-мулоҳазаларимизни буюк мутафаккир Мир Алишер Навоий мисраси билан якунламоқчимиз: “...Ажаб саодат эрур қолса яхшилиқ била от”. Бу дунёда абадий қолмоқ мумкин эмас, бироқ яхши ном қолдирмоқ катта саодатдир. Бинобарин, шундай экан, назаримда, оилаларни азиз она тупроғимизнинг мустаҳкам қўрғонига айлантириш борасидаги эзгу ҳаракатларимиз барчамиз учун саодат ато этади.
Дилором ТОШМУҲАМЕДОВА,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
“Оила” илмий-амалий тадқиқот
маркази директори, сенатор.