Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тўхтаб қолган 89 та корхона ва тадбиркорлик субъекти фаолияти тўлиқ тикланди
08:30 / 2020-06-24

Мева ва сабзавотни қайта ишлашга ихтисослашган “Azian jem” корхонаси шулардан бири. Карантин даврида бу ерда қўшимча 15 та иш ўрни яратилди.


Бугунги кунда Тошкент вилоятидаги бир неча ҳудудларда эпидемиологик вазият барқарорлашиб бораётгани аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун қатор қулайликлар яратмоқда. «Яшил» ҳудудга ўтилган Юқори Чирчиқ туманида ҳам ижобий ўзгаришлар кўзга ташланяпти.

Хусусан, туманда пандемия оқибатида ишини йўқотган 1 минг 699 фуқародан 1 минг 553 нафари ўз иш ўрнига қайтди. Тўхтаб қолган 89 та корхона ва тадбиркорлик субъекти эса фаолиятини тўлиқ тиклади. Мазкур корхоналарда 780 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Мева ва сабзавотни қайта ишлашга ихтисослашган “Azian jem” корхонаси шулардан бири. Карантин даврида бу ерда қўшимча 15 та иш ўрни яратилди.

– Биздаги замонавий ускуналар меваларни ювиш, тозалаш ва қадоқлашдан тортиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи амалга оширади, – дейди корхона мутахассиси Алишер Сиддиқов. – Илгари жамоамизда 25 нафар йигит-қиз меҳнат қиларди, ҳозир пишиқчилик мавсумини ҳисобга олиб яна ёшларни ишга олдик. Эндиликда корхонамизда йигирма беш турга яқин маҳсулот ишлаб чиқарилади. Уларни ҳозирча ички бозорга етказиб беряпмиз.

Тумандаги “Textile Technologies Group” тўқимачилик корхонаси ҳам фаолиятини тиклади. Пахта толасидан калава ип ишлаб чиқарадиган жамоада ишсиз фуқаролардан 550 нафарининг бандлиги таъминланган. Бугунги кунда маҳсулотлар Россия, Хитой, Туркманистон, Эрон, Тожикистон ва Туркия давлатларига экспорт қилиняпти.

Шунингдек, Қуйи Чирчиқ туманида ҳам эпедимиологик вазият яхшиланиб, «яшил» ҳудудга ўтилгани боис корхоналарда иш яна жонланди. Ўзбекистон – Россия қўшма корхонаси яқинда фаолиятини бошлади. Бу ерда болалар тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Камбағалликда яшаётган оилалардаги 200 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Тайёрланаётган маҳсулотларнинг асосий қисми Россияга экспорт қилиняпти.

– Иш шароитларимиз яхши, – дейди корхона мутахассиси Дилбар Сафарова. – Бизда ҳунари бўлмаса ҳам хотин-қизлар ишга қабул қилиняпти. Уларга бу ерда тажрибали тикувчиларимиз касб сирларини ўргатади. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар замон талабларига тўлиқ жавоб бераётгани учун асосан экспортга жўнатиляпти. Келгусида иш ўринлари сонини янада кўпайтириб, камида 300 тага етказиш ниятидамиз.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, бундай ижобий ўзгаришларни бошқа туман ва шаҳарларда ҳам кўриш мумкин. Энг асосийси, пандемия бўлсада, ҳаёт тўхтаб қолгани йўқ.