Тўқимачилар халқаро форуми
Тошкентда тўқимачилик саноатига замонавий технологияларни жорий этиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масаласига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди.
Тошкентда тўқимачилик саноатига замонавий технологияларни жорий этиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масаласига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди.“Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компанияси, “Ўзбекистон – Швейцария” дўстлик жамияти ва “Ритер Ўзбекистон” масъулияти чекланган жамияти хорижий корхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз вазирлик ва идоралари, Ўзбекистон, Швейцария, Германия, Ҳиндистон ва Туркия тўқимачилик компаниялари, тижорат банклари ҳамда ихтисослаштирилган ўқув муассасалари вакиллари иштирок этди.
“Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компанияси бошқаруви раиси Илҳом Ҳайдаров ва бошқалар инвестицияларни жалб қилиш, энг замонавий асбоб-ускуна ва технологияларнинг жорий этилиши мамлакатимиз енгил саноатини ривожлантириш ҳамда унинг экспорт салоҳиятини юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.
Мамлакатимизда яратилган қулай инвестиция муҳити кўплаб хорижий инвесторларни ўзига жалб этмоқда. Президентимизнинг 2014 йил 7 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони, шунингдек, 2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари дастури бу борада муҳим омил бўлаётир. Ушбу дастурда тўқимачилик саноатига доир умумий қиймати 900 миллион доллардан зиёд 77 инвестиция лойиҳаси белгиланган. Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши мамлакатимиз енгил саноатининг экспорт салоҳиятини янада юксалтиришга ёрдам беради.
Юртимизда замонавий тўқимачилик асбоб-ускуналари ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилаётир. Жумладан, Президентимизнинг 2011 йил 21 февралдаги “Замонавий тўқимачилик ускуналарини ишлаб чиқаришни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Тошкентда “Ритер Ўзбекистон” Ўзбекистон – Швейцария қўшма корхонаси ташкил этилиб, тароқли, лентали ва ҳалқали йигирув машиналари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. “Жиззах” махсус индустриал зонаси ҳудудида Хитойнинг “Juita Sewing Machine” компанияси билан ҳамкорликда тикув машиналари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.
– Ўзбекистонда бизнес юритиш учун барча шароит яратилган, – дейди “Экспо Колор Принт Текс” МЧЖ қўшма корхонаси технологи Девенура Сингх. –Ўзбекистонда жорий этилаётган замонавий технологиялар, юқори малакали кадрларнинг мавжудлиги тўқимачилик саноатини ривожлантириш ва тармоқ маҳсулотларини ташқи бозорга чиқариш имконини кенгайтирмоқда. Компаниямизда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ҳам меҳнат қилаётгани ва улар ўз вазифаларини аъло даражада бажараётганини таъкидлашни истардим.
Конференцияда мамлакатимиз компаниялари вакиллари ва хорижий тадбиркорлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.