French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Светофорлар ҳақида нималарни биласиз?
12:17 / 2023-02-21

Кундалик ҳаётда ҳар куни светофорларга дуч келамиз. Лекин у қачон, қаерда ва қандай пайдо бўлгани, “светофор” сўзининг маъноси нималигини ўйлаб кўрганмисиз?

Мавзу юзасидан манбаларга мурожаат қилдик. Интернетдаги манбаларга кўра, “светофор” – русча “свет” – ёруғлик ва грекча “φορέας” – элтувчи сўзларидан олинган бўлиб, ёруғлик сигнали берадиган электр қурилма маъносини билдиради.  

Светофорлар пиёдалар ва транспорт воситаларининг кўчада, йўлда ва темир йўлдан ўтиш жойларидаги ҳаракатини ҳамда темир йўл таркиби қатновини тартибга солиб туриш учун ишлатилади.  

Семафор тарзида светофор биринчи марта 1868 йил Лондонда ўрнатилган. Қўлда бошқариладиган биринчи электр светофор ХХ аср бошида пайдо бўлган (унда фақат яшил ва қизил чироқлар бўлган).  

Дастлабки уч рангли (яшил, сариқ ва қизил) светофор 1918 йил Нью-Йоркда, 1930 йил Москвада ишлатилган.  

Светофордан темир йўлда фойдаланиш ХХ аср бошларида расм бўлган. Уларни ўрнатиш ва улардан фойдаланиш қоидалари Венада 1968 йил қабул қилинган “Йўл белгилари ва сигналлари ҳақида конвенция” ва бу конвенцияни тўлдирувчи Европа келишуви (1971, Женева) талабларига кўра белгилаб қўйилган.  

Светофорнинг 1, 2 ва 3 секцияли ҳамда қўшимча секцияли хиллари бор. Бир секцияли светофорда фақат бир хил – сариқ ёки қизил чироқ ёнади. Сариғи ўчиб-ёниб, ҳайдовчиларни огоҳлантириб туради. Агар транспорт воситасини тўхтатиш лозим бўлса (масалан темир йўлдан ўтиш жойларида, ўт ўчириш автомобиллари чиқадиган жойларда ва ҳ.к.), қизил чироқ ёнади.  

Икки секцияли светофорда икки хил – яшил ва қизил чироқ ёнади. Асосан шаҳарларда темир йўлдан ўтиш жойларига ўрнатилади. Уч секцияли светофорда уч хил – яшил, сариқ ва қизил чироқ ёнади. Тик ва ётиқ жойлашган хиллари ҳам бор. Булар асосан, йўл (кўча) чорраҳаларига ўрнатилади.  

Светофорлар чорраҳа четига, ўртасига осиб қўйилиши, махсус устунга ёки бино деворига ўрнатилиши мумкин. Улар асосан автоматик тарзда ёниб ўчади.  

Ўзбекистонда илк светофор қачон ўрнатилган ва ҳозирда  нечта светофор бор? Бу ҳақда ҳам яқин орада билиб оласиз. Бизни кузатиб боринг!  

 

ЎзА