Марказий банк томонидан «Инфляцион таргетлаш режимида сузувчи валюта курсининг аҳамияти» мавзусида халқаро давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Марказий банк раҳбарияти, халқаро молиявий ташкилотлар вакиллари ҳамда етакчи маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирок этди.
Давра суҳбатида мамлакат молия тизими ва валюта бозорида амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқур муҳокама қилишга эътибор қаратилди. Шунингдек, валюта бозори шаффофлигини ошириш, миллий валютага бўлган ишончни мустаҳкамлаш, пул-кредит сиёсати самарадорлигини ошириш ҳамда иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашга оид асосий масалалар муҳокама қилинди.
[gallery-26443]
— Бугунги глобал шароитда иқтисодиёт жуда тез ўзгармоқда. Шу боис бугунги анжуманда “Инфляцион таргетлаш режимида сузувчи валюта курсининг аҳамияти” мавзуси муҳокама қилинмоқда, — дейди Марказий банк Монетар операциялар департаменти бошқарма бошлиғи ўринбосари Анвар Жумаев. Анжуманда хорижий экспертлар, тижорат банклари раҳбарлари, мустақил иқтисодчилар ҳамда иқтисодий соҳадаги мутахассислар иштирок этмоқда.
Тадбирда асосий эътибор 2017 йилда валюта бозорининг либераллаштирилиши, бу жараёндан кейин амалга оширилган ислоҳотлар ва келгусида режалаштирилган вазифаларга қаратилди. Халқаро экспертлар таклиф ва тавсиялари ҳам инобатга олинмоқда.
Хусусан, Чехия Марказий банки вакили инфляцион таргетлаш шароитида сузувчи валюта курси қандай натижалар бергани ҳақида ўз тажрибаси билан бўлишди. Шунингдек, Арманистон Марказий банки мутахассиси ҳам ўз мамлакатининг амалиётларини тақдим этди. Қайд этиш жоиз, мамлакатимизда 2017 йилги либераллаштиришдан кейин жисмоний ва юридик шахслар учун валюта харид қилиш ва сотиш имкониятлари кенгайтирилган.
Валюта бозорида савдо вақтлари узайтирилди, тижорат банкларининг роли оширилди. Ҳозирги кунда валюта курси тўлиқ фундаментал омиллар асосида шаклланмоқда. Марказий банк валюта курсини белгиламайди, фақат бозорда “нархни қабул қилувчи ташкилот” сифатида иштирок этади. Пул бозорида эса нархни белгилайдиган асосий институт ҳисобланади. Жорий йил бошидан ҳозиргача сўм АҚШ долларига нисбатан 7 фоизга қадр топди. Бу эса иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатиб, сўмдаги депозитлар ҳажмининг ошишига хизмат қилди.
Шу билан бирга, Марказий банк инфляцион кутилмаларни ўрганиш ишларини мунтазам олиб бормоқда. Аҳоли ўртасида валюта курсини инфляцияни кучайтирувчи асосий омил сифатида қабул қилиш даражаси сўнгги йилларда деярли икки баробарга камайгани қайд этилди.
Анжуманда жорий ва келгуси йилларда валюта сиёсати бўйича амалга ошириладиган вазифалар муҳокама қилиниб, халқаро экспертлар тавсияларига алоҳида эътибор қаратилди.
Экспертларнинг таъкидлашича, сузувчи валюта курси, пул-кредит сиёсати очиқлигини таъминлайди. Бозордаги реал иқтисодий шароитларни акс эттиради. Ички ва ташқи иқтисодий шокларга тез мослашиш имконини беради. Миллий валюта барқарорлигига хизмат қилади.
Узоқ муддатли барқарорликка эришиш учун валюта курсида сунъий тарзда ушлаб туриш амалиётидан воз кечиш, бозор механизмларини кенг жорий этиш муҳимлиги қайд этилди.
Давра суҳбатида валюта курсини шакллантирувчи омиллар муҳокама қилинди. Иқтисодиёт рақобатбардошлигини баҳолашда мувозанатли реал эффектив курснинг ўрни алоҳида таъкидланди.
Давра суҳбатида халқаро резервларни бошқариш бўйича қатор амалиётлар ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, резервларнинг хавфсизлиги, ликвидликни таъминлаш, макроиқтисодий барқарорликка кўмаклашиш каби масалалар атрофлича муҳокома этилди.
Шунингдек, валюта курсининг шаклланиш механизмини, халқаро резервларни бошқаришдаги илғор тажрибаларни ва глобал тенденцияларни чуқур таҳлил қилиш учун муҳим платформа бўлди. Муҳокамалар миллий молия тизимини янада модернизация қилиш ва иқтисодий барқарорликни таъминлашга қаратилган таклифларни ишлаб чиқишга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова,
Ўктам Ҳаитов (сурат),
ЎзА