Сузиш: Ёзги Универсиада ўйинларида Ўзбекистон рекордини ўрнатган спортчи тақдирланди
Жорий йилнинг июль ойида Германияда ўтган Бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинларида кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган мамлакат рекордчиси Элдорбек Усмонов Ўзбекистон сув спорти федерацияси томонидан муносиб тақдирланди.
Сузиш бўйича эришган тарихий ютуқлари инобатга олиниб, Э.Усмоновга қимматбаҳо совғалар ва 20 миллион сўм пул мукофоти сертификати топширилди.

Шунингдек, унинг устози Ойбек Исмоиловга чемпионни тарбиялашга қўшган улкан ҳиссаси учун эсдалик совғалари ва 10 миллион сўм пул мукофоти сертификати тақдим этилди.
Тақдирлаш маросимида иштирок этган Ўзбекистон касаба уюшмалари спорт жамияти раиси Баҳодир Тожиев, мамлакат сузиш федерацияси бош котиби Руслан Мустаев спортчиларга кўрсатилаётган алоҳида эътибор келгуси ютуқлар йўлида руҳий қувват бўлишини эътироф этишди.
Эслатиб ўтамиз, Универсиада ўйинларида Элдорбек Усмоновнинг 100 метрга баттерфляй усулида сузиш бўйича қайд этган 51.84 натижаси Ўзбекистоннинг янги рекорди ҳисобланади.
Т.Рўзиев,
ЎзА