Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сузиш ҳавзаларида чўмилиш учун бу қоидаларни билиш муҳим (видео)
09:12 / 2025-06-12

Ёзги мавсумда сузиш — соғлиқни мустаҳкамловчи, руҳий тетиклик бағишловчи машғулотлардан биридир. Бироқ, ҳавзалар — хоҳ у очиқ бўлсин, хоҳ ёпиқ — гигиена ва хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилинмаса, турли инфекциялар, шикастланишлар ёки саломатликда муаммоларга сабаб бўлиши мумкин.

Шу боис, сузиш ҳавзаларида чўмилишдан аввал ва чўмилиш давомида бир қатор қоидаларга амал қилиш керак бўлади.  

Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси Яккасарой тумани бўлими санитария врачи, олий тоифали шифокор — Шуҳрат АЛИМОВ бу борада батафсил маълумот берди.  

Унга кўра, ёпиқ (ички) ҳавзаларда чўмилишда:  

1. Душ қабул қилишни унутманг: чўмилишдан олдин душда ювиниш тер ва микробларнинг сувга тушишини камайтиради;  

2. Сузиш кийими гигиеник ва тоза бўлиши шарт: махсус спорт сузиш кийимлари танани сиқмайдиган, тез қурийдиган ва гигиеник бўлиши керак;

3. Кўзойнак ва сузиш қалпоғини тақинг: бу кўз ва сочларга сувдаги кимёвий моддаларнинг салбий таъсирини камайтиради;

4. Соғлиғингизга эътибор беринг: агар танангизда очиқ яра, аллергия, терлама ёки юқумли касаллик бўлса, сузишга кириш тавсия этилмайди;  

5. Тозаликка ишонч ҳосил қилинг: ёпиқ ҳавзаларда сув таркиби мунтазам дезинфекция қилинаётганига эътибор қаратинг.  

Бундан ташқари, сув ифлос бўлса чўмилманг!  

Шунингдек, очиқ сув ҳавзаларда (кўл, канал, дарё)да чўмилиш:  

1. Сув сифати ва хавфсизлик белгилари ўрнатилганлигига эътибор беринг:  

“Чўмилиш ман этилади” деб ёзилган жойларда сузиш қатъиян тақиқланади;  

2. Оёқ кийими ва кўзойнакдан фойдаланинг: ташқи ҳавзаларда кесувчи тошлар, ўткир нарсалар бўлиши мумкин;  

3. Сувнинг ҳароратини текшириб кўринг: жуда совуқ сувга тўсатдан кириш юрак-қон томир тизимига зарар етказиши мумкин;

4. Ёлғиз чўмилманг: сузишни билсангиз ҳам, хавфсизлик учун дўстларингиз билан бирга сузганингиз маъқул;

5. Қуёшдан ҳимояланинг: узоқ вақт очиқ ҳавзада бўлсангиз, СПФ кремлар билан терингизни асранг, куйиш ва иситишдан сақланинг.  

Умумий хавфсизлик ва гигиена қоидалари:  

Энг муҳими, болаларни назоратсиз қолдирманг:  

Ҳавзада югурмаслик, бошқа чўмилувчиларга халақит бермаслик;

Ўзингизни ёмон ҳис қилсангиз — дарҳол сувдан чиқинг;

Сувда ҳазил-мутойибаларни меъёрида қилинг — ўйинлар хавфли бўлиши мумкин.  

Сузиш — бу соғлом турмуш тарзининг ажралмас қисми. Аммо бу фақат тўғри ташкил этилган, хавфсизлик ва санитария қоидаларига амал қилинган тақдирдагина фойда келтиради.

Очиқ ёки ёпиқ ҳавзаларни танлар экансиз, энг аввало ўз соғлиғингиз ва атрофдагиларнинг хавфсизлиги ҳақида ўйланг.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/VHaavjUkg30?si=oE33QBDVTeEtTaOo" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

М.Эшмирзаева, Д.Якубов, А.Аҳмедов, ЎзА