Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Янги замонавий сузиш ҳавзаларини (басейн) қуриш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Янги замонавий сузиш ҳавзаларини (бассейн) қуриш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Регламентда:
тадбиркорлик субъектларига қўйиладиган талаблар;
харажатларни қоплаш учун ариза бериш тартиби ҳамда тақдим этиладиган ҳужжатлар;
аризани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш тартиби;
ажратиладиган маблағларни тадбиркорлик субъектларига ўтказиш тартиби кўрсатиб ўтилган.
Ушбу Маъмурий регламентга мувофиқ талабгорлар томонидан тақдим этилган дастлабки 100 та сузиш ҳавзасини қуриш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар қоплаб берилади.
Бунда маблағлар 2026 йил 1 февралдан бошлаб 2028 йил 1 январга қадар сузиш ҳавзаларини ташкил этиш харажатларининг 50 фоизигача, лекин 100 миллион сўмдан ошмаган қисми учун ажратилади.
Талабгор харажатларни қоплаш учун ариза тақдим этиш вақтида қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида назарда тутилган солиқ ва йиғимлар бўйича қарздорлиги бўлмаслиги;
Қайта ташкил этиш ёки тугатиш жараёнида бўлмаслиги;
фаолияти қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда вақтинча тўхтатилган бўлмаслиги;
суд қарори асосида тўловга қобилиятсиз деб эълон қилинган бўлмаслиги.
Харажатлар битта талабгорга битта сузиш ҳавзаси учун бир марта қоплаб берилади.
Қарорда Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси ва Рақамли технологиялар вазирлиги ўн беш кун муддатда ушбу қарор билан тасдиқланган Регламентга мувофиқ давлат хизмати Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали жорий этилишини таъминлаш белгиланган.
Мазкур Маъмурий регламент янги замонавий сузиш ҳавзаларини (бассейн) қуриш (мавжуд сузиш ҳавзаларини реконструкция қилиш бундан мустасно) ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларни Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш тартибини белгилайди.
Харажатларни қоплаш учун маблағлар Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Қўмита томонидан ажратилади.
ЎзА