Шу кунларда сув спорт турлари бўйича Қатар пойтахти Доҳада ўтказилаётган ХХI жаҳон чемпионати баҳсларида 75 та мамлакатнинг 2 минг 600 нафар спортчиси қаторида мамлакатимизнинг 6 нафар спортчиси ҳам совринли ўринлар учун кураш олиб бормоқда.
Сув спорт турларининг 6 та йўналишидаги баҳсларда юртимиз спортчилари сувга сакраш, синхрон сузиш ва сузиш йўналишларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.
Мукофот жамғармаси 5,6 миллион АҚШ долларидан иборат бўлган жаҳон чемпионатида 1-8-ўринларни эгаллаган спортчилар пул мукофотлари билан тақдирланади.
Кеча, 4 февраль куни терма жамоамиз аъзоларидан Игорь Мялин ва Вячеслав Качанов 3м трамплиндан синхрон сакраш дастурида иштирок этди ва 310.62 натижа билан 21-ўринни эгаллади.
Чемпионатнинг 3м трамплиндан синхрон сакраш дастурида Италия, Испания, Мексика, Украина терма жамоаси аъзолари “Париж-2024” Олимпия ўйинлари йўлланмаларини қўлга киритди.
Cувга сакраш дастурида терма жамоамиз аъзоларидан Вячеслав Качанов ва Игорь Мялин 6-7 февраль кунлари ўтадиган басҳларда яна ўз омадини синаб кўрса, умидли спортчи қизимиз Зиёда Тошхўжаева 7-8 февралда бўладиган саралаш ва финал баҳсида медаллар учун курашга киришади. Сузиш мусобақаларида Илья Сибирцев ва Элдорбек Усмонов 11-14 ва 16-17 февраль кунги мусобақаларда иштирок этади.
Бугун, 5 февраль куни артистик сузиш бўйича спортчиларимиз Диана Онкес ва Зиёда Тошхўжаева дуэт дастурида техник чиқиш йўналиши финалида иштирок этади.
Таъкидлаш керакки, жаҳон чемпионати низомига мувофиқ, мусобақанинг синхрон сузиш йўналишида умумий баллар йиғиндисига кўра 1-3 ўрин, сувга сакрашнинг синхрон сакраш йўналишида 1-4 ўрин, яккаликда 1-12 ўрин, сув полосида 1-4 ўрин соҳиблари “Париж-2024” ёзги Олимпия ўйинлари чиптасига эга чиқади.
Жаҳон чемпионати мусобақалари 18 февралга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА