Маълумки шу кунларда Ўзбекистонда илк бора сузиш бўйича I-Очиқ Марказий Осиё чемпионати ўтказилмоқда. “Сув париси” халқаро турнири якунланиши билан ушбу мусобақаларга старт берилди. Тантанали очилиш маросимида таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг юртимизда жисмоний тарбия ва спортни, шу жумладан, сув спортини ривожлантиришга қаратаётган юксак эътибори натижасида спортчиларимизнинг халқаро ареналардаги натижалари йилдан йилга яхшиланиб бормоқда. Шу билан бирга сув спорти соҳасида етакчи хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни тизимли йўлга қўйишда, спортчиларни халқаро турнирларга тайёрлаш, юқори малакали ва тажрибали мураббийлар таркибини шакллантиришда ана шундай мусобақаларнинг алоҳида ўрни бор.
Шу ўринда Президентимиз ташаббуси билан пойтахтимизда барпо этилган Ўзбекистон Касаба уюшмаларига қарашли “Сув спорти саройи”да сузиш бўйича I-Очиқ Марказий Осиё чемпионати юқори савияда ўтиши учун ташкилотчилар томонидан юқори даражада тайёргарлик кўрилганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Буни хорижлик спортчилар ва уларнинг мураббийлари ҳам таъкидлашмоқда.
Мусобақаларда 185 нафар спортчи иштирок этиб, 36 та йўналишда 158 та медаль учун кураш олиб боришмоқда. Мамлакатимиз шарафини Ўзбекистон терма жамоаси таркибида 60 нафар спортчи ҳимоя қилади. “А”, “В” ва “С” гуруҳларидаги аёллар ва эркаклар 50,100, 200 ва 400 метрга эркин усулда сузиш, 200 ва 400 метрга комплекс сузиш, 50, 100 ва 200 метрга чалқанча сузиш, 50, 100 ва 200 метрга баттерфляй усулида сузиш, 50, 100 ва 200 метрга брасс усулида сузиш бўйича баҳслашадилар.
Шунингдек, комбинацияланган микс эстафетаси, эркин усулдаги микс эстафетаси каби йўналишларда 1-, 2-, ва 3-ўрин эгалари аниқланмоқда. Халқаро мусобақаларни техник қўмита аъзоси Эронлик Ҳамид Искандаруйин раҳбарлигидаги нуфузли ҳакамлар хайъати томонидан баҳолаб борилмоқда.
Мусобақанинг дастлабки кунида эркин усулда сузиш бўйича 50 ва 400 метр масофага ўтказилган баҳсларда Анастасия Зелинская, Севара Яхшиева, Муҳаммадсодиқ Маҳсудов олтин медалга эга чиққан бўлса, Осиё Режапова, Юрий Петровнин, Элдор Усмонов маррага иккинчи бўлиб етиб келди. Шунингдек, Михаил Клешко, Никита Корнилов, Паризод Абдукаримова, Алина Мурмуродова, Зарина Абдусаматова шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олишди. Чалқанча 100 метр масофага сузишда Михаил Клешко, Муҳаммадисмоил Раҳмонов, Маҳдия Мухторова ўз ёш тоифаларида олтин медални қўлга киритишди.
Баттерфляй йўналишининг турли ёш тоифаларида 200 ва 100 метр масофага ўтказилган беллашувларда Нозимахон Исмоилова, Элдор Усмонов барча рақибларини ортда қолдириб, чемпионга айланди. Ҳусан Замихуллаев, Исмоил Юхневич, Севара Рашидова, Мадина Имомназарова каби сузувчиларимиз кумуш медалига эга чиққан бўлса, Алексей Юхневич, Жавлон Ғаниев, Абдулазиз Абдумажидов, Лилия Циганенко терма жамоамиз ҳисобига бронза медалини келтирди.
15-17 ёш тоифасидаги эркин усулда 4Х100 метр масофага эстафета йўналишида Қозоғистон 2 терма жамоаси ғолиб чиқди. Ўзбекистон 1 ва Ўзбекистон 2 терма жамоалари эса кучли учликдан жой олди.
21 май куни Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон терма жамоаси аъзолари чемпионатнинг учта ёш тоифасида брасс, баттерфляй, эркин, чалқанча, комплекс турлари бўйича баҳсларда иштирок этади. Мазкур Халқаро чемпионат спортнинг сузиш турини нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиё минтақасида оммалаштириш ва ривожлантиришга улкан ҳисса қўшиши айтилмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Fuw-nUC7WAE" title="Suzish bo‘yicha MarkaziyOsiyo chempionati g‘oliblari aniqlanmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe> Санжар Тошпўлатов, Жавоҳир Тошхўжаев, Дониёр Якубов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА