Суюнчи ва дафн нафақаси учун онлайн мурожаат қабул қилинмоқда
Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилаётганлиги барчамизга маълум.
Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилаётганлиги барчамизга маълум. Шу боис фуқароларга зарурат бўлмаган тақдирда кўчага чиқмаслик бўйича қатор тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан маълум қилишларича, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан ҳамкорликда бола туғилганда бериладиган суюнчи нафақаси ва фуқаро вафот этганлиги муносабати билан бир марталик дафн нафақасини тайинлаш учун онлайн мурожаат қилиш хизмати ишлаб чиқилди.
Бунда, фуқаро my.gov.uz Ягона интерактив Давлат хизматлари порталининг «Ижтимоий таъминот» рукнида жойлашган «Фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пули» ёки «Дафн маросимларини ўтказиш учун нафақа пули» хизматларига кириб электрон мурожаат қолдириши мумкин.
Хизматдан фойдаланиш мутлақо бепул ҳамда 5 дақиқа вақт сарф этилади.