French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суюлтирилган газ таъминотида муаммо бўлмайди
16:15 / 2023-10-18

Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги Дуоба маҳалласида яна бир замонавий иншоот – маиший газ баллонларни сақлаш ва тарқатиш сервис маркази иш бошлади.

Шу кунларда вилоят марказидан 220 -230 чақирим олисдаги тоғли маҳаллада улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, қишлоқлар қиёфаси тубдан ўзгартирилмоқда. Аҳолининг ҳаётидан рози бўлиб яшаши учун барча шароит яратиляпти. Кенг, равон йўллар қурилиб, таълим ва тиббиёт муассасалари барпо этилмоқда. Мавжудлари қайта реконструкция қилиниб, замонавий усулда жиҳозланаётир. Электр таъминотини яхшилаш учун юқори кучланишли трансформаторлар ўрнатилмоқда. Эскирган симёғочлар янгисига алмаштириляпти. Соддадил, самимий одамлари обод ва фаровон қишлоқларда яшашни асрлар давомида орзу қилиб келган маҳалла туман марказидан 35 чақирим олисда жойлашган.

Газчилар қишин-ёзин нафақат Дуоба маҳалласи, балки Хужойдод, Ўрмончи ва Деҳиболо қишлоқлари аҳолисини ҳам суюлтирилган газ билан таъминлайди. Дуобада қурилган маиший газ баллонларни сақлаш ва тарқатиш сервис маркази эндиликда шу ҳудуддаги 1 минг 218 хонадонда истиқомат қилаётган олти мингдан ортиқ аҳолига қишнинг совуқ кунлари ҳам суюлтирилган газ баллонларини етказиб беради. Мазкур иншоотнинг қурилиши “Бойсунтумангаз” газ таъминоти бўлими ходимлари учун ҳам, тоғли қишлоқлардаги аҳоли учун ҳам бир қатор қулайлик яратмоқда.

“Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиалидан олинган маълумотларга кўра, "Обод хонадон", "Обод кўча" ва "Обод маҳалла" мезонлари асосида янгиланаётган маҳалладаги истеъмолчиларга йилнинг ўтган даврида ўн тоннадан ортиқ суюлтирилган газ етказиб берилди. Янги ташкил этилган оилаларга 15 дона газ баллон тарқатилди. Дуобада қад ростлаган янги марказ бир кунда беш юз донагача маиший газ баллонни сақлаб, тарқатиш қувватига эга.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири