Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суюлтирилган газ таъминотида муаммо бўлмайди
09:57 / 2023-05-18

Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида 37 та маҳалла фуқаролар йиғинларида 14 минг 401 та суюлтирилган газ истеъмолчиси бор. “Қизилтепатумангаз” газ таъминоти бўлими ходимлари томонидан аҳоли хонадонларига ўз вақтида маиший газ баллонларда суюлтирилган газ етказиб берилмоқда.

Аҳоли хонадонларига режа-график асосида суюлтирилган газ етказиб бериш учун 4 дона “ISUZU” махсус автомашинаси ажратилган. Жорий йилнинг апрель ойида истеъмолчиларга 156 тонна 340 килограмм суюлтирилган газ тарқатилган бўлса, май ойида қарийиб 179,4 тонна суюлтирилган газ етказилиши режалаштирилган.  

– Май ойининг бугунги кунигача аҳоли хонадонларига 65 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди, – дейди “Қизилтепатумангаз” газ таъминоти бўлими суюлтирилган газ бўлими хизмат бошлиғи Равшан Ёқубов. – Аҳолига маиший газ баллонлар тарқатиш давомида уларни тўғри ўрнатиш ва тўғри фойдаланиш қоидалари ҳам тушунтириб борилмоқда. Бу борада зарур тавсия ва кўрсатмалар берилмоқда.  

Хавфсизлик қоидаларига кўра, маиший газ баллон эшик, дераза ва электр розеткадан камида 0,5 метр масофада ўрнатилиши лозим. Газ плитаси ўрнатилган хонада фақат бир дона газ баллонидан фойдаланиш ва сақлашга рухсат этилади. Бунда хона ичидаги ҳарорат +45 даражадан ошмаслиги, газ баллони газ плитасидан камида 1 метр, иситиш радиаторлари ёки печкалардан камида 2 метр узоқликда ўрнатилиши лозим. Газ баллонларида ишлатиладиган ускуналар давлат стандартларига жавоб бериши талаб этилади.  

Туманнинг “Сўфиён” маҳалласида 482 нафар хонадон суюлтирилган газдан фойдаланиб келади.  

– Кўп йиллардан буён шу маҳаллада яшаб, суюлтирилган газдан фойдаланамиз, – дейди истеъмолчилардан бири Санобар Очилова. – Тумангаз идораси ходимлари ўз вақтида келиб маиший газ баллонларни алмаштириб кетишади. Ҳозирча суюлтирилган газ таъминотида муаммога дуч келганимиз йўқ. Газ баллонларни тўғри ўрнатиш, хавфсизлик қоидалари ҳам тушунтирилади. Албатта, айтилган қоидаларга амал қилган ҳолда маиший газ баллонларидан фойдаланамиз.  

Туманда суюлтирилган газ тарқатиш жараёни давом этмоқда.  

А.Бўриев, ЎзА