Наманган вилоятида истеъмолчиларнинг аксарияти суюқ газдан фойдаланади.
Айни шу боисдан ҳам “зангори олов” кириб бормаган хонадонларни иккиламчи ёнилғи билан таъминлаш устувор йўналишдир. Хусусан, “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали ҳам ҳар бир истеъмолчини ўз вақтида суюлтирилган газ билан таъминлаш йўлида тегишли чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Ўтган 2021 йилда вилоятдаги 414 минг 811 та истеъмолчига суюлтирилган газ етказиб берилган бўлиб, жорий йилда бу кўрсаткич 421 минг 896 тага ошди.

Бу эса суюлтирилган газ истеъмолчилари ўтган йилга нисбатан 2022 йилда йилда 7 минг 85 тага кўпайганидан далолатдир. Шу йилнинг 1 апрель ҳолатига мавжуд газ баллонлари жами 475 минг 105 донани ташкил этиб, шундан 356 минг 976 донаси филиал томонидан фойдаланиш учун берилган. Аҳолининг шахсий газ баллонлари эса 108 минг 501 тадан иборат. 2022 йил бошидан ҳозирга қадар 900 дона маиший газ баллонлари билан таъминланди.

– Аҳоли хонадонларига бир маромда суюлтирилган газ етказиб бериш учун 86 дона, яъни, 73 дона “Исузу”, 2 дона “Чакман”, 1 дона йўлтанламас “Камаз”, 7 дона бошқа русумли автотранспортлар жалб қилинган бўлиб, барча автотранспортлар 9 минг 220 дона айланма газ баллонлари ва 86 дона назорат тарозилари билан таъминланган, – дейди “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали директори ўринбосари Иброҳим Мамаджонов.

– 2021-2022 йилларда филиалдаги мавжуд маиший газ баллонларнинг ҳаракатини назорат қилиш учун 560 269 дона маиший газ баллонларга махсус бар-кодли ёрлиқ (стикер)лар бириктирилди. Бугунги кунда 418 минг 127 дона ID-карта истеъмолчиларга тарқатилиб, суюлтирилган газни истеъмолчиларга етказиб бериш ва ҳисобини юритиш тўлиқ “E-GAZ” дастури орқали амалга оширилмоқда. Рақамлаштириш ишлари натижасида суюлтирилган газ етказиб бериш тизими тўлиқ электрон (онлайн) назоратга ўтказилди. Бу эса таъминотчи билан истеъмолчи ўртасидаги шаффоф тизим яратилишига хизмат қилди.
Бир сўз билан айтганда, ҳар бир соҳа ходимлари бугун аҳоли эҳтиёжларини қондириш, халқ розилигини таъминлаш ва уларнинг турмуш шароиятларини яхшилаш йўлида беминнат хизмат қилмоқда.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА