Навоий вилояти Қизилтепа туманида жойлашган Бободўғи маҳалласи кенг қир-адирларга туташиб кетган.
Шу боисдан бу ерда қиш ҳавоси бошқа маҳаллаларга қараганда анча салқин. Маҳаллада 2900 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади
Бободўғиликлар маиший турмушда асосан суюлтирилган газдан фойдаланади. Суюлтирилган газ истеъмолчилари сони эса 722 тани ташкил этади. Маҳаллага тасдиқланган режа-жадвал асосида ҳар 35-40 кунда суюлтирилган газ етказиб келинмоқда.

Ҳозирда туман бўйича аҳолига маиший газ баллонларини ўз вақтида етказиб бериш мақсадида тўртта махсус “ISUZU” транспорт воситаси ажратилган. Бир кунда туман аҳлига 8,5 тоннагача суюлтирилган газ тарқатилади. Эътирофлиси, қишнинг қорли, совуқ кунларида ҳам ҳеч бир маҳалла, хонадон суюлтирилган газ таъминотисиз қолмайди. Шу жумладан, Бободўғи маҳалласи ҳам доимий тарзда маиший газ баллонлар билан таъминланиб келинмоқда.

– Ҳар қандай об-ҳаво шароитида тумангаз газ таъминоти бўлими томонидан маиший газ баллонлари ўз вақтида етказиб берилмоқда, – дейди маҳалла фаолларидан бири Ирода Норқулова. – Овқат тайёрлаш, чой қайнатишда қийналадиган ҳолатлар деярли учрамайди. Қаҳратон қиш кунларида ҳам режага мувофиқ газ баллонлари кечиктирилмасдан олиб келиняпти. Бу, албатта, аҳоли учун катта қулайлик.

Айтиш керакки, маиший газ баллондан фойдаланишда ҳам хавфсизлик қоидаларига риоя этиш муҳим саналади. Маҳаллада газ баллонларини тарқатиш жараёнида истеъмолчиларга “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали ва “Қизилтепатумангаз” газ таъминоти бўлими ходимлари томонидан газ баллондан тўғри фойдаланишга оид тушунтиришлар олиб борилади. Қиш мавсумини беталафот ўтказишда ҳушёр бўлиш, газ жиҳозларини назоратсиз қолдирмаслик, газ баллонни газ плитадан белгиланган масофада узоқ ўрнатиш ва бошқалар бўйича зарур тавсиялар берилмоқда. Шу билан бирга мавзуга оид эслатмалар тарқатиляпти.
А.Бўриев, ЎзА