Суйима Ғаниевадан ёзиб олинган, аммо шу пайтга қадар тўлиқ қоғозга туширилмаган айрим мушоҳадалар...
Қуйида ана шу суҳбатлар давомида Суйима опадан ёзиб олинган, аммо шу пайтга қадар тўлиқ қоғозга туширилмаган айрим мушоҳадаларни эътиборингизга ҳавола этмоқчиман.
Ғазал мулкининг султони Алишер Навоийнинг мунаввар сиймоси, қутлуғ номи, бой ва серқирра маънавий мероси асрлар мобайнида инсониятни эзгуликка, ҳамжиҳатликка, илму ирфонга чорлаб, халқимиз учун чексиз фахру ифтихор тимсоли бўлиб келаётир.
Айни пайтга қадар Алишер Навоий кўплаб олимлар томонидан тадқиқ қилинган. “Ўзбекистон қаҳрамони”, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳибаси, адабиётшунос олима Суйима ҒАНИЕВА (1932-2018) ҳам ўз ҳаётини улуғ аллома ҳаёти ва ижодини ўрганишга бахш этган олимларимиздан бири эди. Камина бу мунаввар олиманинг суҳбатларидан кўп бора баҳраманд бўлганман. Матбуотда Суйима опа билан қилинган бир қанча суҳбатларимиз чоп этилган.
Қуйида ана шу суҳбатлар давомида Суйима опадан ёзиб олинган, аммо шу пайтга қадар тўлиқ қоғозга туширилмаган айрим мушоҳадаларни эътиборингизга ҳавола этмоқчиман.
— Алишер Навоий номи, унинг безавол мероси замон ва макон сарҳадлари оша инсониятни ҳақиқат, адолат, эзгулик сари даъват этиб бораверади. Улуғ аллома асрлар давомида халқ билан ҳамнафас, замон билан ҳамқадам яшайверади. Ул зотни ҳар бир давр учун замондош дейилса, муболаға бўлмас.
ХХ асрда инсоният илм-фаннинг юксак чўққиларини забт этиб, беқиёс кашфиётлар, ихтиролар яратиши баробарида, қанчадан-қанча мусибатларни, фожиаларни, урушларни бошидан кечирди.
Ҳазрат Навоий таваллудининг беш юз йиллиги ҳам айнан Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келган. Оғир дамлар бўлишига қарамай, халқимиз улуғ мутафаккирнинг қутлуғ тўйини нишонлашга ҳаракат қилган эди.
Ўша пайтларда ўтказилган йирик халқаро анжуманда Навоий шеърларини рус тилига таржима қилган шоир Николай Лебедевга сўз берилади. Таржимон кексайиб, хасталаниб қолган, ўрнидан туролмасди. Шунда у шерикларидан кўмаклашишни илтимос қилади: “Мен буюк Навоийнинг шеърини ўтириб ўқиёлмайман, бу ишим ул зотга нисбатан ҳурматсизлик бўлади” дея, қийналиб бўлса-да, шеърни ўрнидан туриб ўқиган экан. Қарангки, Навоийнинг ўша шеърида тасвирланган қаҳратон совуқ, очлик ва қирғинбарот жанглар айни ўша пайтдаги уруш манзараларига мос тушган.
Дарҳақиқат, Навоий беш аср муқаддам бутун бани башарни ҳамжиҳатликка, аҳил ва тинч-тотув яшашга даъват этиб, шундай мисраларни битганлар:
Олам аҳли, билингизким, иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлунг бир-биринизғаки, эрур ёрлиғ иш.
Навоийнинг она тилимизда яратилган “Хамса”сига кирган достонларида ҳам адолатли, халқпарвар, тинчликсевар жамият ҳақидаги орзулари акс этган. “Садди Искандарий” достонидаги бош қаҳрамон – Искандар тимсолида одил ва оқил давлат раҳбари сиймоси, сурати ва сийрати улкан муҳаббат билан тасвирланган. Ана ўша достондаги бир лавҳага эътибор берайлик.
Искандар Кашмирнинг золим ҳукмдори Маллуни енгиб, унинг ўрнига адолатли шоҳ Ферузни тайинлайди. Яъжуж ва Маъжужни мағлуб этиш учун отланган Искандар Ҳиндистонга қўниб ўтишни ихтиёр қилади. Искандарнинг куч-қудратини, унга қарши чиқиш ақлсизлик эканини яхши англаган Ҳинд ҳукмдори Рой элчилар йўллаб, иззат-ҳурмат кўрсатади. Уни барча сипоҳлари билан пойтахтига таклиф қилади. Шунда Искандар ўз аскарларини анча олисдаги ўрмонда қолдириб, шаҳарга бир ўзи киришини айтади.
Деди шаҳки: “Шаҳр ичра сиғмас сипоҳ,
Керак бешада элга оромгоҳ,
Вагар сиғса доғи, эмас, дипписанд,
Ки етгай, раоёга элдин газанд...”
Яъни, “Менинг сипоҳларим шаҳарга сиғмайди. Сиғса ҳам бу кўнгилга хуш келадиган иш эмас. Элга улардан бирор озор етмаслиги учун уни шаҳардан ташқаридаги ўрмонда қолдиришим мақсадга мувофиқдир. Менинг аскарларим туфайли халқингизга азият етмасин, раиятнинг ороми бузилмасин”, дейди Искандар.
Не бахтки, Навоий орзу қилган тинч, эркин ва фаровон жамиятда яшаш улуғ донишманднинг бугунги ворисларига, сизу бизга насиб этди. Мустақиллик йилларида ўтмишда яшаб ўтган, дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшган кўплаб алломаларимизнинг қадамжолари обод этилди. Бугунги авлод уларнинг бебаҳо меросидан баҳра олмоқда. Бугун юртимизнинг қай бир гўшасига борманг, бунёдкорлик ва ободончилик ишларини кўриб дилингиз яйрайди.
Навоий ҳам ўз даврида ана шундай бунёдкорлик ишларига бош-қош бўлиб, мамлакатда жуда кўплаб маданий-маиший иншоотлар, мактаб ва мадрасалар, ҳаммом ва шифохоналар, ариқ ва кўприклар барпо этган. У кишининг ташаббуси билан Ҳирот, Астробод, Машҳад, Нишопур, Марв сингари шаҳарларда бунёд этилган ва қайта таъмирланган меъморий обидалар бугунгача етиб келган. Уларнинг баъзиларини ўзим бориб кўрганимда, қалбим чексиз фахру ифтихорга тўлиб тошган эди.
Алишер Навоий наинки ўз асарлари, балки эзгу амаллари билан ҳам эл-улусга ибрат кўрсатганлари тарихий манбаларда ўз аксини топган. Хондамирнинг “Макорим ул-ахлоқ” асарида тилга олинган, кўпчиликка яхши таниш бўлган бир воқеани эслайлик.
Амир Алишер таҳорат олаётганларида либосларига илашиб қолган бир чумолини, ўз уясидан йироқда сарсон бўлмасин деб, йўлларидан қайтганлари ва митти жониворни ўз маконига элтиб қўйганлари ул зотнинг наинки инсоният, балки бутун борлиққа муҳаббати, раҳм-шафқатидан далолат эмасми?
Шу боис, ул ҳазрат ёзганларки:
Фил бўлса, агар ҳасминг, десангки, зарар топмай,
Бир пашшага оламда етказма зарар ҳаргиз.
Яъни душманинг фил бўлса ҳам, зиён кўрмасликни истасанг, бу оламда пашшага ҳам зарар етказмагин.
Навоийнинг нақадар халқпарвар бўлганлари, эл юрт манфаатларини ҳар доим ўз манфаатларидан устун қўйганликлари ортиқча эътирофга муҳтож эмас.
Менга қилса юз жафо, бир қатла фарёд айламон,
Элга қилса бир жафо, юз қатла фарёд айларам.
Ушбу байтда ҳам софлик, самимият ва халқпарварлик яққол уфуриб турибди.
Бугун биз илм-фан, техника, ахборот технологиялари юксак даражада ривожланган бир даврда яшаяпмиз. Бу замон ҳар биримиздан маънавиятимиз, миллий қиёфамиз, қадриятларимизни турли ёт таъсирлардан ҳимоялаш, хусусан ёшларимизнинг онгини турли иллатлардан асраш, уларни Ватанга садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялашни тақозо этади.
Навоий асарларининг ёшлар таълим-тарбияси, уларнинг ёруғ келажагини таъминлашдаги ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётир. Бу асарларда илгари сурилган шарқона одоб-ахлоқ, ибо ва ҳаё, ор-номус, мардлик ва жасорат, Ватанга садоқат, ота-онага ҳурмат, меҳру муҳаббат ғоялари бизнинг замонамизда ҳам долзарблигича қолмоқда.
Эътибор қилсак, “Хамса” достонининг бош қаҳрамонлари ҳам асосан ёшлардан иборат. Фарҳод, Қайс, Искандар ҳам ёшликдан илм-маърифатга ташна бўлиб улғайган. Бу билан Навоий ўз даврининг ёшларини ҳам, кейинги авлодларни ҳам илм ўрганишга, маърифат исташга ундаганлар.
Буюк шоиримиз нафақат, илм ва ҳунар ўрганиш, балки ундан ўз ўрнида фойдаланишни ҳам тарғиб қилганлар. Фарҳоднинг тилидан айтилган “Ҳунарни асрабон нетгумдур охир, олиб туфроққаму кетгумдур охир?” мисраларида ҳам ана шу эзгу мақсад тажассумини топган.
Бугун айрим ёшлар юртимизда яратиб берилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, ҳам ўз яқинларига, ҳам Ватанига наф келтириш ўрнига ёт ўлкаларда сарсон-саргардон бўлаётгани кишини ташвишга солади.
Ватан таркини бир нафас айлама,
Яна ранжи ғурбат ҳавас айлама,
деганда у киши айнан ўз юртини тарк этиб, турли кўнгилсизликларга дуч келаётган ёшларни аввалдан огоҳлантириб кетган эмасмилар, деган хаёлга бораман.
Алишер Навоий ўзининг олтмиш йиллик умри давомида мангуликка татигулик ишларни амалга оширди. Ўлмас асарлар, дилбар шеърлар битди. Она тилимизнинг шуҳратини, беқиёс гўзаллиги ва нафосатини яққол намоён этди. Умри давомида эл-юрт ғами, қувонч ва ташвишлари билан яшади. Бутун инсонларни ўзидан яхши ном қолдиришга даъват этди:
Бу олам ичраки, йўқдур бақо гулиға сабот,
Ажаб саодат эрур, қолса яхшилик била от.
Чиндан ҳам шундай бўлиб қолди. Ҳазратнинг безавол номи ҳамон инсоният билан бирга яшаб келмоқда.
Хорижий давлатларда, халқаро анжуманларда бўлганимда, ўзга миллат вакилларининг буюк бобомизга бўлган чексиз эҳтиромини кўриб, фахрланиб кетаман. Бугун Навоийнинг нодир қўлёзмалари дунёнинг турли шаҳарларидаги машҳур музейларда сақланмоқда, етук мутахассислару олимлар томонидан ўрганилмоқда. Унинг ашъори жаҳоннинг ўнлаб тилларида жаранг сочаётир.
Бугунги кунда Токио, Москва, Боку сингари шаҳарларда Алишер Навоийга ўрнатилган ҳайкаллар салобат тўкиб, халқимизнинг, миллатимизнинг бетакрор даҳосини кўз-кўз этиб турибди. Бу ҳам ул зотга чексиз ҳурмат ва муҳаббатдан далолат беради.
Чиндан ҳам Алишер Навоийнинг бебаҳо меросини ўрганиб, унинг чуқур мазмун-моҳиятини тушуниб етганимиз сари алломанинг буюклигини тобора теран англаб бораверамиз. Улуғ мутафаккирнинг нурли сиймоси замонлар оша ўлмас асарларида, инсониятни эзгулик, бағрикенглик ва меҳр-мурувватга даъват этгувчи умумбашарий ғоялари тимсолида яшайверади.
Шундай экан, улуғ Навоийни фақат таваллуд айёмлари, муайян саналар муносабати билан эмас, ҳар куни, ҳар лаҳза ёдга олсак, унинг асарларини ўқиб-ўргансак, ёшларимизни ҳам ана шу савобли ишга янада кенгроқ жалб этсак, нур устига нур бўлади.