ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона шаҳрида Европа Иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, “Сувчи” жамоат бирлашмаси ҳамда Кичик ва ўрта корхоналар уюшмаларининг Европа конфедерацияси (CEA-PME) ҳамкорлигида «Engage H2O: Давлат-хусусий мулоқотлари орқали Ўзбекистонда «Яшил кун тартибини» ривожлантириш» гранти асосида семинар-тренинг ўтказилди.
[gallery-24272]
Тадбирда маҳаллий ҳокимият вакиллари, манфаатдор ташкилотлар мутахассислари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, вилоят ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси, сувдан фойдаланувчилар уюшмалари вакиллари иштирок этди.
Семинарда глобал исиш оқибатлари, Марказий Осиё ҳудудидаги трансчегаравий дарёларнинг сувларини тақсимлаш тўғрисидаги минтақавий ҳужжатлар, гидрогель гранулаларидан фойдаланиб ва паст босимли томчилатиб суғориш технологиялари ҳақида маълумот берилди. Минтақада сув ресурсларининг камайиши ва ушбу жараёнга қишлоқ хўжалигини ҳамда аҳолини мослаштириш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Тадбир доирасида иштирокчилар “Бешалиш” сув тақсимлаш иншооти фаолияти билан танишдилар. Мазкур иншоот Қува, Қўштепа, Олтиариқ ва Тошлоқ туманлари ҳамда Қувасой шаҳридаги 30 минг гектар суғориладиган ер майдонларини оби ҳаёт билан таъминлаб келади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА