English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сувнинг ҳар бир томчисини ҳисобга олиш - самарали ислоҳот асоси
10:20 / 2026-02-09

Сўнгги йилларда мамлакатимизда сув ресурсларини тежаш, улардан оқилона ва самарали фойдаланиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Иқлим ўзгариши, сув танқислиги хавфининг ортиб бориши ҳамда қишлоқ хўжалиги ва саноат тармоқларида сувга бўлган талабнинг ўсиши мазкур соҳада тизимли ислоҳотларни изчил давом эттиришни тақозо этмоқда.

Шу билан бирга, ушбу вазифаларни самарали амалга ошириш мақсадида сув хўжалиги инфратузилмасини модернизация қилиш, замонавий тежамкор технологияларни жорий этиш ва бошқарув самарадорлигини оширишга қаратилган қатор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинмоқда.

Мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар, уларнинг аҳамияти ва кутилган натижалар хусусида Аму-Бухоро ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Отабек Абдиев қуйидагиларни гапириб берди:

–Сувни иқтисод қилиш йўллари ва усуллари кўп. Шулардан энг муҳимларидан бири сувнинг ҳисобини аниқ юритишдир. Бунинг учун ҳар бир истеъмолчи томонидан сув олиш нуқталарида ўлчаш қурилмалари ўрнатиш керак бўлади. 

Кўпчилик истеъмолчилар томонидан сув олиш нуқталарида сув ўлчаш ва ҳисобини юритиш қурилмалари ўрнатилмаганлиги ва бунга қизиқиш бўлмаганлиги сабабли сув билан барқарор таъминланган ҳудудларда уни самарасиз ва беҳуда сарфлаш ҳолатлари кузатилади. Натижада сув билан барқарор таъминланмаган ҳудудларга сув етказиб беришда муаммолар юзага келади. 

Амалиёт шуни кўрсатдики, сув ҳисобини амалга оширишда фақатгина суғориш ва сарф меъёри инобатга олинаётганлиги натижасида истеъмолчилар томонидан олинган сувнинг ҳисоб-китоби бўйича эътирозлар билдирилаяпти. Шу билан бирга, сув таъминотида муаммолар бўлган ва сув билан барқарор таъминланмаган ҳудудлардаги истеъмолчилар томонидан сувни тежайдиган технологияларни жорий этишга интилиш бироз суст эди. 

Мамлакатимиз Президентининг 2026 йил 5 февралдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан бунга ечим топилди. Қарорга мувофиқ, сув билан барқарор таъминланган ҳудудлардаги сув истеъмолчиларига сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ва сув ҳисобини амалга ошириш учун сув ўлчов қурилмаларини қуриши лозимлиги, акс ҳолда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 2 баробарга оширилган ҳолда қўлланилиши белгиланди. Мутахассислар айни шу жиҳат сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш борасида ижобий натижаларга эришишга туртки бўлади, деган фикрни айтишмоқда. Натижада сув ресурслари  тежалишига ва сув сарфланишини камайтирган ҳолда фойдаланишга эришиладиган бўлса, ўз-ўзидан сув таъминоти барқарор бўлмаган ҳудудларга сув етказиб берилиши яхшиланади. 

Шу билан бирга, сув билан барқарор таъминланмаган ҳудудларда жойлашган сув истеъмолчиларига суғориладиган ерларида сув тежовчи технологияларни жорий қилган тақдирда, ажратиладиган субсидиялар 1,25 оширувчи коэффициент қўллаган ҳолда ҳисобланиши тежамкор технологияларга қизиқишни оширади. 

Айниқса, сув тежовчи технологияларни жорий қилишда минимал талаб ва меъёрлар ишлаб чиқилиб, шунга асосан лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиши ва жорий қилинганидан кейин технологияларнинг самарадорлиги ва натижасига қараб имтиёз ва чоралар кўрилиши амалий натижаларга эришишга олиб келади. 

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мазкур қарор сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни мутлақо янги босқичга олиб чиқади. 

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева 

ёзиб олди.