Мамлакатимизда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув объектларини давлат томонидан тартибга солиш, бошқариш ва эксплуатация қилиш тизимини такомиллаштириш мақсадида ҳудудий сув таъминоти корхоналарини бирлаштирган ҳолда «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамияти ташкил этилди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимига ўтказилди. Натижада Вазирликнинг ушбу соҳадаги назорат функциялари кенгайтирилиб, унга хос бўлмаган хўжалик фаолияти билан боғлиқ вазифалар «Ўзсувтаъминот» АЖга юклатилди.
Айни пайтда “Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан сув таъминоти ва оқова сув хизматларини кўрсатиш йўналишида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, абонентлар сонини ошириш, аҳолининг барча қатламини қамраб олиш ва бу орқали хизмат сифатини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугунги кунда 3,9 миллион аҳоли ва 89,7 минг юридик истеъмолчилар мавжуд. Уларнинг 53 фоизи яъни 2,1 миллион аҳоли истеъмолчилари сув ҳисоблагичлар билан таъминланган. Юридик истеъмолчиларда ушбу кўрсаткич 94,6 фоизни ташкил этади.
Бугунги кунда республика бўйича қарздорлик 674,1 миллиард сўмни ташкил этаётир. Қарздорликнинг 555,8 миллиарди аҳоли, 118,2 миллиард сўми юридик истеъмолчилар ҳиссасига тўғри келади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Аҳолининг ичимлик суви бўйича дебитор қарздорлиги ва тармоққа ноқонуний уланишларнинг олдини олиш” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида шулар ҳақида сўз борди.
[gallery-2494]
Тадбирда “Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан аҳолининг ичимлик суви бўйича қарздорлигини камайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Жумладан, аҳолига тўлов тизимларини қулай қилиш мақсадида электрон тўлов тизимлари (click, paynet, payme, upay) жорий қилинган. Қарздорликни ундиришда жамиятнинг назоратчилар жалб қилинган. Қарздорлик ҳолатлари юзасидан ҳужжатлар фуқаролик ва иқтисодий судларга тақдим қилинган.
Қайд этиш керакки, ўз вақтида сув ҳақини тўлаб келаётганлар ҳам бор. Масалан, электрон тўлов тизимлари (click, paynet, payme, upay) орқали I чоракда 39,3 миллиард сўм келиб тушган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 72 фоизга кўпдир. Бугунги кунда 2 минг 444 нафар назоратчи ишга қабул қилиниб, улар 2 368 та (97 фоиз) терминал ва 2 587 та (106 фоиз) термопринтер билан таъминланган. Жорий йил I чорагида пул ундируви 349 миллиард сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 54 фоизга ошган. Ҳудудий корхоналар томонидан 63,5 миллиард сўм қарздорлик фуқаролик ва иқтисодий судларга тақдим қилинган.
Марказлашган ичимлик суви хизматлари мавжуд бўлган 741 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги шартномасиз равишда ичимлик сувдан фойдаланиб келаётган 23343 та истеъмолчи аниқланган.
– Шу кунга қадар истеъмолчилар томонидан ичимлик суви тармоқларига 12 минг 369 та ҳамда канализация тармоқларига 1 минг 601 та ноқонуний уланмалар, 4 минг 215 та ҳисоблагичдаги тамғаларга (пломба) шикаст етказилгани аниқланиб, жами 14 миллион 376 сўм қўшимча тўловлар ундирилди, – дейди “Ўзсувтаъминот” АЖ департамент директори З.Зайниддинов. – Албатта, уларга нисбатан вақтида маъмурий жазо расмийлаштирилди.
Яна бир муҳим маълумот, соҳани рақамлаштириш орқали тўлов интизоми ва маданиятини кучайтириш, шунингдек, етказиб берилаётган ичимлик суви ва кўрсатилган оқова сув хизматлари бўйича пул маблағлари оқимининг шаффофлигини янада ошириш орқали коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида жорий йил 20 майдан 1 июлгача пилот лойиҳа амалга оширилади. Бунда Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Шайхонтоҳур ҳамда Тошкент вилоятининг Қибрай туманларида назоратчилар томонидан хизматлар учун аҳолидан пул ундириш ишлари бутунлай тўхтатилади. Назоратчилар фақатгина белгиланган тартибда кузатув ва ҳатлов ишлари билан шуғулланади.
Тадбирда мутахассислар томонидан ичимлик суви ишлаб чиқариш ва тарқатиш иншоотлари, сув йўқотишларининг олдини олиш ҳамда соҳани рақамлаштиришда амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, соҳада кадрлар етишмовчилиги, тизимда ҳали амалга оширилиши лозим бўлган масалалар борлиги таъкидланди.
Оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига мутасаддилар томонидан батафсил жавоб берилди.
Н.Бозорова, ЎзА