Марказий Осиё минтақасида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлашнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қўшни давлатлар билан ўзаро ишонч ва ҳамкорликка асосланган муносабатлар йўлга қўйилиб, трансчегаравий сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича кўп йиллик муаммоларга ечим топилди.
Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши таъсири, қурғоқчилик, трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш каби масалалар бутун дунёда долзарб тус олмоқда. Шу маънода, юртимизда ҳам сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, ирригация тизимларини модернизация қилиш, тежамкор технологияларни жорий этиш масалаларга алоҳида ёндашилмоқда.
Айни йўналишдаги амалга оширилаётган ишлар хусусида Ўзбекистон фермерлар кенгаши етакчи мутахассиси Элмурод Мамараҳимовнинг фикрларига қизиқдик.
— Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 5 январда қабул қилинган “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, деҳқон ва фермер хўжаликларини сув билан таъминлашда янги механизм жорий этилди. Энди сув олиш лимитлари манбанинг сувлилик даражасидан келиб чиқиб, халқ депутатлари туман кенгашлари томонидан тасдиқланади, — дея фикрини бошлайди мутахассис. — Бугунги кунда юртимизда Солиқ кодексига киритилган ўзгартишларга асосан сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этган ҳамда сув сарфини ўлчаш ускуналари орқали ҳисобга олган хўжаликлар учун сув солиғи ставкасига камайтирувчи коэффициентлар қўлланилади. Аксинча, сув тежовчи технологиялар жорий этилмаган ва ҳисобга олиш таъминланмаган ҳолатларда оширувчи коэффициент жорий қилинган.
Хусусан, 2024–2025 йилларда Ўзбекистон Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон билан икки томонлама қўшма ишчи гуруҳлар доирасида трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш, давлатлараро сув хўжалиги объектларидан самарали фойдаланиш ва уларни автоматлаштириш масалаларида муҳим келишувларга эришди.
Маълумки, мамлакатимиз ҳудудида ишлатиладиган сувнинг асосий қисми қўшни давлатлар орқали оқиб келади. Сувнинг 15-20 фоизи эса юртимиздаги йиллик ёғингарчилик миқдорига қараб ҳосил бўлади.
Маълумки, сўнгги йиллардаги глобал иқлим ўзгариши, ёз фаслининг кескин исиши ва ёғингарчилик кам бўлаётгани сабабли йирик дарёлар ҳавзаларида, кичик дарё ва сойларда сув сарфи камайиб боряпти. Таҳлилларга кўра, сув танқислиги 2030 йилга бориб Ўзбекистонда 15 миллиард куб метрни ташкил қилиши мумкин.
Дарҳақиқат, аҳоли сонининг ортиб бориши ва сувга бўлган талабнинг кенгайиши айни йўналишда талаб ортиб бормоқда. Жумладан, «Ўзбекистон—2030» стратегиясида ҳам сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича аниқ мақсадлар белгиланган.
Сувни тежаш технологияларини кенг жорий этиш қишлоқ хўжалиги ва бутун иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашнинг энг муҳим омилларидан бирига айланмоқда.
Биргина ўтган йилнинг 1 декабрига қадар республика бўйича жами 2,8 миллион гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий қилишга эришилгани ҳам ижобий натижалардан бири бўлди.
Шунингдек, Кластер ва фермер хўжаликлари томонидан 20 минг километр ички тармоқлар бетонлаштирилди. Хусусан, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва ерларни лазерли текислаш ҳисобига 7,3 миллиард куб метр, ирригация тармоқларини бетонлаштириш орқали 7 миллиард куб метр сув тежалди. Бу ўринда соҳани рақамлаштириш натижасида 1,8 миллиард куб метр, агротехник тадбирлар ҳисобига эса 8,8 миллиард куб метр сув иқтисод қилинди.
Шу тариқа сувни тежайдиган технологияларнинг самарадорлиги амалиётда ўз исботини топмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистондаги 4,3 миллион гектар суғориладиган ер майдонининг қарийб 60 фоизи сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган. Бу, аввало, давлат томонидан яратилаётган имтиёзлар ва субсидиялар билан боғлиқ.
Шу кунга қадар сув тежовчи технологияларни қўллаётган фермерларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентнинг 7 та фармон ва қарорлари қабул қилинди. Натижада, илгари асосан импорт ҳисобланган ушбу технологиялар бугун мамлакатимизда ишлаб чиқарилмоқда. Агар 2019 йилда бу соҳада 2–3 та корхона фаолият юритган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 60 тадан ошди.
Яна бир жиҳат, насос агрегатларини қуёш панеллари орқали ишлатиш тажрибаси ҳам кенгайтирилмоқда. Ушбу ёндашувни республика бўйича 8,5 мингта насос агрегатида жорий этиш режалаштирилган бўлиб, бу фермер хўжаликларининг энергия харажатларини камайтириш ва барқарор фаолиятини таъминлашга хизмат қилади.
Вилоятлар кесимида эътибор қаратадиган бўлсак, “Хоразм тажрибаси” асосида республика ҳудудлари кесимида 9 минг 559 та субъектга қарашли 10 минг 475 та насос агрегатининг 7 минг 497 тасига қуёш панеллари ўрнатиш бўйича дастур ишлаб чиқилди. Ушбу мақсадлар учун Агробанк томонидан 1 триллион 703 миллиард сўм тижорат кредити ажратилиб, шундан 966 миллиард сўми ўзлаштирилди.
Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини ривожлантириш орқали аҳолида шаклланган “сув текин” тушунчасидан воз йўлидаги олиб борилаётган бугунги самарали ишлар сув ресурсларини барқарор бошқариш ва уларни келажак авлодлар учун сақлашга имкон яратади.
Марҳабо Ҳожиакбарова ёзиб олди.
ЎзА