Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги давлатлар ичида аҳолиси энг кўп, сув ресурслари эса энг ками ҳисобланади. Мавжуд сув эҳтиёжининг 18 фоизигина юртимиз ҳудудида шаклланади. Қолган 82 фоизга яқин сув қўшни давлатларда шаклланиб, Амударё ва Сирдарё орқали юртимизга кириб келади.
Глобал иқлим ўзгариши, мамлакатимизда аҳоли сонининг ўсиши, миллий иқтисодиёт турли тармоқларининг жадал ривожланиши ва уларнинг сувга бўлган талабининг ўсиши туфайли республикада сув ресурсларининг тақчиллиги йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Ҳозирги вақтда суғориш ва экологик мақсадлар учун сувга эҳтиёж тўлиқ кондирилмаяпти. Сув истеъмолининг кўпайиши ва манбаларнинг ифлосланиши чучук сув захираларининг камайишига олиб келади. Юртимизда мавжуд чучук сув ҳажмининг қисқариши туфайли сув танқислиги ва қурғоқчилик хавфи сезиларли даражада ошмоқда.
Шулардан келиб чиқиб, Ўзбекистон замонавий мамлакат сифатида ривожланиши учун атроф-муҳит муҳофазаси ва сувдан самарали фойдаланиш йўналишларида тезкор чоралар қабул қилиш вақти келди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чораларини акс эттирувчи қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.
«2030 йилгача бўлган даврда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси», «Сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган концепцияси», «2020–2025 йилларда гидрометеорология хизматини ривожлантириш концепцияси», «Сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021–2023 йилларга мўлжалланган стратегияси», «Сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви ва назорат тизимини янада такомиллаштириш ҳамда сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари»ги фармон ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар шулар жумласидандир.
Айни вақтда барча ҳудудларда фермер хўжаликлари вакиллари учун суғоришнинг сувни тежайдиган технологияларини жорий этиш механизмлари бўйича семинарлар ўтказилмоқда. Мазкур технологияларни жорий этишни янада рағбатлантириш мақсадида 2023 йилда сувни тежаш тизими жорий этилган ғалла ва сабзавот майдонларининг ҳар бир гектари учун субсидиялар миқдори 1 млн сўмдан 8 млн сўмгача оширилди.
Шунга қарамай, нафақат фермер хўжаликлари, балки аҳоли ўртасида ҳам сувдан оқилона фойдаланишнинг ҳаётий зарурлигини тушунтириш, бу борада тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш зарурати бор.
Сувни тежашга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини оширишда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш, ичимлик суви учун бозор нархларини жорий этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Aҳолининг сув билан таъминланганлик ҳолати аҳоли турар-жойлари ва улардаги турмуш даражасинининг энг муҳим кўрсаткичларидан биридир. Қувурли ичимлик сувининг асосий истеъмолчиси сифатида аҳоли сувни тежаш жараёнида муҳимроқ рол ўйнаши керак.
Бироқ, ҳозирги вақтда кўплаб шаҳарларда аҳолининг сувни тежаш муаммосига пассив муносабати мавжуд. Шу сабаб бугунги кунда сув тарифларини шакллантиришда бозор муносабатларига ўтиш муаммоси жуда долзарбдир. Чунки бозор қонунлари ҳар биримизни тежамкорликка ундайдиган табиий механизм ҳисобланади.
Асосий масала шундаки, амалдаги тариф 3 йилдан буён ўзгаришсиз, оширилмасдан келмоқда, бироқ бугунга келиб ичимлик суви таннархини белгиловчи омиллар – электр энергия, солиқ тўловлари қиймати ошгани сабабли аҳолига берилаётган ичимлик суви учун ҳозирги тўловлар ўз харажатини қопламай келмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, яқинда Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятида ичимлик суви ва оқова хизматлар бўйича янги тарифлар тасдиқланганди. Андижон вилоятида эса 19 сентябрда тасдиқланган тарифларга кўра нархлар ўзгарган.
Шунингдек, пойтахт аҳолиси учун бир метр куб сув нархи 1400 сўм (амалда 400 сўм), оқова сув нархи эса 1000 сўм этиб белгилаш бўйича таклифлар халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашига тақдим этилди.
Тарифлар ҳудудларнинг географик жойлашуви, сув манбаларидан аҳоли пунктларигача бўлган масофа, электр энергияси сарфи, сув манбаларининг лойқа-тиниқлиги, чучук ва шўрлиги, қаттиқлик даражасига қараб қайта ишлаш ва бошқа харажатлардан келиб чиққан ҳолда ҳудудлар кесимида турлича белгиланмоқда.
Мақсад – барча ҳудудларда аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражасини ошириш. Бунинг учун эса ичимлик суви ва канализация тармоқлари ҳамда иншоотлари барпо этилиши, жорий ва капитал таъмирлаш, тизимни модернизация қилиш ишлари бажарилиши зарур. Булар эса сарф-харажат талаб этади. Шундан келиб чиқиб, ҳозирда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари учун янги тарифлар тасдиқланмоқда.
Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши гаровидир. Қолаверса, сув иқтисодиётнинг барча тармоқлари, биринчи навбатда, қишлоқ хўжалиги учун зарурдир.
Тоза ичимлик сувни узлуксиз етказиб бериш, сув бормаган ҳудудлардаги аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш, қишлоқ хўжалигига сув етказиб бериш йўналишида катта ишлар бошланган, улар давом этмоқда. Бироқ, сувни тежаш маданияти турмушимизнинг ажралмас қисмига айланмас экан, бу йўналишда сезиларли муваффақиятларга эришиш қийин бўлади.
ЎзА