Сув танқислиги бутун Ер юзида глобал муаммога айланиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон ҳам сув танқислиги юқори бўлган давлатлар қаторида туради. Шунинг учун ҳам мавжуд сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сувни исроф қилмаслик, обиҳаётдан тежамкор тарзда фойдаланиш маданиятини ошириш муҳим аҳамият касб этади.
Бу борада Ўзбекистон Экологик партияси томонидан “Ўзсувтаъминот” АЖ билан ҳамкорликда “Сувни биргаликда асрайлик” шиори остида тарғибот ҳафталиги ўтказилмоқда. Бундан кўзланган мақсад юртимиз аҳолиси ва ёшларининг экологик маданиятини ошириш, атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, айниқса, кундан-кунга глобаллашиб бораётган сув тақчиллигининг олдини олиш бўйича тегишли чораларни белгилашдан иборат.
Ўзбекистон Экологик партияси ахборот хизматининг маълумотларига кўра, республикамизнинг барча ҳудудлари бўйлаб “Сувни биргаликда асрайлик” шиори остида “Биз сувни тежаш ва исроф қилмасликка тайёрмиз” мавзусида тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Жумладан, туман ва шаҳарлардаги маҳалла фуқаролар йиғинларида, таълим муассасаларида, жамоаларда сувни асраш ва исроф қилмаслик тарғиб қилинмоқда.

Ана шундай тадбирларнинг навбатдагиси Ўзбекистон Миллий университетида ҳам ташкил этилди. Унда сўз олган мутасаддилар сув ресурсларининг камайиши ва танқислиги бутун дунёда кузатилаётган глобал муаммо эканлиги, бундан тегишли хулоса чиқариб, сувни тежаш ва мақсадли ишлатишни ўрганишимиз зарурлигини таъкидлади.
Сувдан фойдаланишдаги исрофгарчилик, кундалик ҳаётимизда сувни беҳуда, мақсадсиз оқизиб қўйиш ҳолатлари мавжудлиги танқид қилинди. Айниқса, дала ҳовлилардаги боғларда сув исрофгарчилиги жуда юқорилиги, хонадонлардаги ҳовуз ва бассейнлар ҳам ичимлик суви билан тўлдирилиши, автоуловларни ювиш учун ҳам кўпинча тоза ичимлик суви ишлатилиши ён-атрофимизда бўлаётган муаммолардан бири эканлиги қайд этилди.
Бу каби ҳолатларга чек қўйиш, сув исроф қилинишининг олдини олиш борасида талаба-ёшларга тушунтиришлар берилди. Ўз навбатида, ёшларнинг бу борадаги фикр-мулоҳазалари ҳам тингланди.
М.Комилова, ЎзА