Сув дунёда бошқа муқобили йўқ бебаҳо неъмат. Бугунги кунда тоза ичимлик суви муаммоси барча халқларни ташвишга солаётган глобал муаммога айланди.
Республикамизда эса ишлатишга яроқли сувнинг 85 фоизи қишлоқ хўжалигида ишлатилса, 12 фоизи саноат учун ва қолган 3 фоизгинаси инсонлар эҳтиёжига сарфланади.
Бу ҳақда “Навоий сув таъминоти” АЖ ташаббуси билан Навоий шаҳар 6-умумтаълим мактабида ёш авлод онгида сув истеъмоли маданиятини янада ривожлантириш ҳамда ичимлик сувидан оқилона фойдаланишни тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирда айтиб ўтилди.
– Сув табиатнинг энг муҳим бойлиги. Усиз ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди, – дейди “Навоий сув таъминоти” АЖ масъул ходими Лобар Дўстова. – Сувдан фойдаланишда тежамкор бўлиш, уни исроф қилмаслик ҳар бир фуқаронинг инсоний бурчи. Сувдан фойдаланиш маданиятини болаликдан шакллантириш эса барчада бу бебаҳо неъматга нисбатан оқилона муносабатда бўлишни ўргатади. Ҳозирги кунда эса жаҳон миқёсида чучук сув ишлатиш ҳажмининг йилдан-йилга ортиб бориши ва бунинг оқибатида сув танқислиги келиб чиқаётганлиги айни ҳақиқат.
[gallery-15723]
“Сувни асраймиз” мавзусида ўтказилган тадбирда мактабнинг юқори синф ўқувчилари фаол иштирок этишди. Уларга ичимлик сувини тежаш, уй-рўзғор юмушларида ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш ҳақида билимлар, маълумотлар берилди.
Мактаб фойесида рамзий маънода “Бекат” ташкил этилиб, унда ўқувчилар сувни асраш ва тежаш юзасидан тасаввурларини расмларда акс эттиришган бўлса, бир гуруҳ ўқувчилар фикрларини қоғозга туширишди. Қизалоқлар сув ҳақида куйланган қўшиқларга рақсга тушишди. Кимё фани ўқитувчилари томонидан ўтказилган тажрибалар орқали сувнинг табиатдаги аҳамияти, унинг кимёвий хоссалари тўғрисидаги маълумотлар ўқувчилар билимини янада бойитишга ҳисса қўшган бўлса ажаб эмас.
– Сув ҳаёт манбаи. У асло текин эмас, – дейди биология фани ўқитувчиси Робия Маъмурова. – Бугунги ўтказилган тадбирда ўқувчиларимиз сувни тежаш ва ундан оқилона фойдаланиш борасида қимматли маълумотларга эга бўлиб, ўзларига керакли хулосаларни олди, деб ўйлайман. Буни улар чизган расмларда, ёзган иншолари мазмунидан ҳам билишимиз мумкин. Суҳбат давомида улар эндиликда уйда ҳам сувдан тежамли фойдаланишини билдирди. Аслида бугунги семинаримиздан ҳам кўзланган асосий мақсадимиз ўқувчиларда сувдан оқилона фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш эди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/RqWCdOy2rx0" title="Suvni asrash va tejash bolalikdan boshlanadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Тадбир давомида ўқувчилар иштирокида очиқ дарс ташкил этилиб, унда сувнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва роли ҳақида маълумот берилиб, видеороликлар намойиш этилди. Ўз навбатида ўқувчилар ҳам мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.
– Йил сайин ичимлик сувининг камайиб бораётганлиги тўғрисида кўп гапирилмоқда, – дейди 10-синф ўқувчиси Алина Мақсудова. – Бугун мактабимизда “Сув – оби ҳаёт” мавзусида лойиҳалар, турли семинар- тренинглар ташкил этилди. Бу тадбирларда қизиқарли маълумотлар, фактларга эга бўлдик. Кимёвий тажрибалар ўтказилиб, макетлар асосида тушунтиришлар берилди. Билдимки, шу кунга қадар сувни асраш ва тежаш борасида жуда катта лоқайдликка йўл қўйган эканмиз. Автомобилларни ювиш жараёнида ҳам, уйда идиш-товоқларни ювишда ҳам сувдан оқилона фойдаланмаганмиз. Бугунги семинардан эса ўзимизга керакли хулосаларни олдик.
Тадбир якунида фаол иштирокчилар ва ўқитувчиларга “Навоий сув таъминоти” АЖ раҳбариятининг ташаккурномаси ва китоблар жамланмаси топширилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари