Бугун бутун Ер юзида қурғоқчилик, сув танқислиги ортиб, сувга бўлган талаб ошиб бормоқда. Дунё аҳолисининг аксарият қисми тоза ичимлик сувига муҳтож. Сув муаммоси глобал тусдаги экологик долзарб муаммолардан бирига айланди.
Мамлакатимиз ҳам сув тақчил бўлган ҳудудда жойлашган, йилдан-йилга сувга бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда. Бу эса сувдан фойдаланиш тартибларини такомиллаштириш, сувни тежаш ва ундан самарали фойдаланиш чора-тадбирларини кўришни тақозо этади. Шу боис соҳанинг ҳуқуқий асосларини давр талабидан келиб чиққан ҳолда мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Сув кодекси ишлаб чиқилиб, яқинда қабул қилинди.
— Ўзбекистон Республикасининг Сув кодекси “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 8 та фармони ва 14 та қарори ҳамда ҳукуматнинг 26 та қарорларидаги нормаларни бирлаштирди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Равшан Мамутов. — Натижада тизимлашган яхлит кодекс яратилди. Сув кодексининг асосий вазифалари сифатида аҳолини, иқтисодиёт тармоқларини ва экологик тизимларни сув билан барқарор таъминлаш, иқлим ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда сувларни оқилона бошқариш, сувларни булғаланиш, ифлосланиш ва камайиб кетишдан муҳофаза қилиш, сувга доир муносабатлар соҳасида иқтисодий механизмларни, шу жумладан, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, сувга доир муносабатлар соҳасидаги барчанинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда соҳада давлатлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари белгилаб қўйилгани эътиборга молик.

Бугунги кунда мамлакатда қиймати 6,4 трлн сўмлик 463 та сув хўжалиги объекти хусусий сектор бошқарувига берилган ва ушбу лойиҳалар доирасида 110 млрд сўм инвестиция маблағлари киритилиб, 90 га яқин насос агрегати янгиланган. Бу борадаги ишлар давом эттирилиб, умумий лойиҳа қиймати 10 трлн сўмлик яна 500 та сув хўжалиги объектлари хусусий сектор бошқарувига берилиши бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Шулардан келиб чиқиб, Кодексда сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий қилиш шартлари кўрсатиб ўтилди.
Яна бир муҳим норма. Кодексда сувдан фойдаланиш учун рухсатнома бериш шартлари соддалаштирилди. Яъни, сунъий сув ҳавзаларидан сув олишда бир суткада 5 куб метрдан кўп бўлмаган ҳолларда рухсатнома олиш зарурати энди мавжуд эмас. Мазкур норма қарийб 110 минг нафар, яъни 80 фоиздан ортиқ сувдан фойдаланувчилар учун сувдан фойдаланиш тартибини соддалаштиради.
Бундан ташқари, экстремал сув танқислиги ва қурғоқчилик тушунчалари ҳамда суғориш сувини истеъмолчилар орасида тақсимлашнинг янги механизмлари белгиланди. Эндиликда сув ҳажми 50 фоиздан кам бўлганда, сувдан фойдаланиш бўйича янги устуворликлар жорий қилинади ва ҳар бир сув манбаи кесимида сув олиш лимитлари ҳамда ҳар бир истеъмолчи кесимида сув олиш квоталари белгиланади. Бунда истеъмолчи ўзига ажратилган квотадан тежаб қолинган сувни бошқа истеъмолчига шартнома асосида бериши ёки сотиши мумкин бўлади. Бу эса барча сув истеъмолчиларининг сувга тенг ҳуқуқини таъминлаб, сувдан самарали фойдаланишга ундайди.
Мазкур ҳужжатнинг яна бир ўзига хослиги шундаки, унда сув хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, янги сув хўжалиги иншоотлари ва тизимларини қуриш, реконструкция қилиш учун молиявий ресурслар давлат томонидан ажратилиши кўрсатилди, — дейди қўмита раиси.
Дарҳақиқат, Сув кодекси мамлакатимизда ўткир муаммога айланиб бораётган сув соҳасидаги муносабатларни тўлиқ қамраб оладиган яхлит ҳужжат бўлди. Кодекс сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларни самарали бошқариш ва муҳофаза қилишга, сув етказиб берувчилар ва сув истеъмолчиларининг масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА