Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Ватанимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларининг мустаҳкам ҳуқуқий кафолатидир.
Бугунги кунда «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги конституциявий қонунни референдум — умумий овозга қўйилиши ҳуқуқий демократик давлатчилигимиз тарихида илк бор кузатилаётган демократик прогрессив қадамдир. Бу борада турли соҳа мутахассислари асосли мулоҳазалар орқали муносабатлар билдирмоқда.
– Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганидан бугунги кунгача унга тегишли қонунлар асосида бир неча бор тузатишлар, қўшимча ва ўзгартишлар киритилган бўлса, ушбу қонунлар парламент томонидан қабул қилинган, – дейди Сариосиё туманлараро иқтисодий суди раиси Нуриддин Муродов.
– Шу ўринда савол туғилади: нега бу гал парламент «Ўзбекистон Республикаси конституцияси тўғрисида»ги конституциявий қонунни референдум йўли билан қабул қилиш ҳақида қарор қилди? Бу қарор Ўзбекистон Республикаси конституциявий судига киритилди, бунга қандай зарурат бор ёки бундан қандай мақсад кўзланган?
– Аввало, «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига мувофиқ, референдум Ўзбекистон Республикасининг қонунларини ва бошқа қарорларни қабул қилиш мақсадларида жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларнинг умумхалқ овоз беришидир.
Референдум сайловлар билан бир қаторда халқ иродасининг бевосита ифодаси бўлиб, референдумда қабул қилинган қарорлар олий юридик кучга эга бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини қабул қилиш, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий қонунларини, қонунларини қабул қилиш, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш тўғрисида ва уни ўтказиш санасини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатлари ҳисобланади.
Демак, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасига кўра, “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир», 9-моддасида эса «Жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилади, умумий овозга (референдумга) қўйилади», деб белгиланганлиги «Ўзбекистон Республикаси конституцияси тўғрисида»ги конституциявий қонунни референдум йўли билан қабул қилиниш энг демократик ва прогрессив қарор эканлигини англатади, – дейди Нуриддин Муродов.
Дарҳақиқат, Конституция юртимизда бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллаши борасида асосий юридик пойдевордир.
Бугунги кунда биргина Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат архивида Конституциямизнинг яратилиши тарихи билан боғлиқ муҳим ҳужжатлар 19 та жилдда сақланмоқда.
Ўзбекистон Конституциясининг ишлаб чиқилиши, муҳокама этилиши ва қабул қилиниши ҳамда ривожлантирилиши жараёнлари мамлакатимиз мустақиллиги тарихининг бевосита узвий қисмидир. Конституциямизнинг яратилиши тарихига назар солинса, асосий Қонун ўзбек халқининг мустақиллик сари узоқ йўлдаги изланишлари мантиқий натижаси эканига гувоҳ бўлиш мумкин
– Бугунги кун жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масаласи, яъни, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 128 та моддадан 155 та моддага, ундаги нормалар 275 тадан 434 тага кўпаяётганлиги, 91 та концептуал ўзгартишларни ўз ичига олган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги конституциявий қонунни референдум — умумий овозга қўйиш халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи эканлигини амалда намоён этиб, давлатимизнинг асосий қонуни — олий юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг муҳокамасини тўғридан-тўғри халқ ҳукмига ҳавола этилаётганлиги «инсон-жамият-давлат» деган инсон қадрини юксалтиришга қаратилган тамойилни амалда қўлланаётганини кўрсатади, – дейди Сариосиё туманлараро иқтисодий суди раиси Нуриддин Муродов.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугунги ўзгаришлар халқаро ҳамжамият ва жаҳоннинг энг илғор давлатларида амалда бўлган маъқул демократик йўлдир.
Бенжамин Франклин сўзлари билан айтганда, «Конституция инсонларга фақатгина бахтли бўлиш ҳуқуқини беради, уни ушлаб қолиш ўзимизга боғлиқ».
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА