Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сувдан оқилона фойдаланиш вақти келди
17:44 / 2023-12-19

“Қашқадарё сув таъминоти” МЧЖ мажлислар залида “Қашқадарё вилоятида ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари кўрсатиш соҳасида тарифларнинг шаклланиши” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда ичимлик суви ва ундан оқилона фойдаланиш масаласи муҳокама қилинди.

Корхона раҳбари Бекзод Шойимов бугунги кунда вилоятда ичимлик суви таъминоти ва унинг таннархини ошириш масаласига тўхталди.  

– Бунда сув манбасининг узоқ-яқинлиги, электр энергия тўлови, мавжуд сув иншоотларини сақлаш харажатлари, зарур кимёвий реагентларни харид қилиш, Халқаро молия ташкилотлари олдидаги мажбуриятлар (кредит маблағларини ўз вақтида тўлаб бориш), сув ташувчи ва канализация тармоқлари учун мўлжалланган махсус автоуловларни таъмирлаш ва уларни ёқилғи-мойлаш материаллари билан таъминлаш, ишчи-ходимларнинг иш ҳақлари, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар каби омиллар ҳисобга олинади, – деди Б.Шойимов.– Масалан, вилоятимизда сўнгги уч йилда ичимлик суви ва канализация хизматлари учун тарифлар умуман ўзгармаган. Ўз-ўзидан соҳада хизмат қилаётган ишчи-ходимларнинг иш ҳақлари ҳам ошмаган. Лекин бу давр ичида электр энергия, ёқилғи мойлаш материаллари, иш ҳақлари бир неча марта ошди. Яна бир мисол,  вилоятда 8 минг 147 километр сув тармоғи ҳамда 342 та сув иншоотлари мавжуд бўлиб, шундан 3 минг 500 километр (43%) ичимлик суви тармоқлари яроқлилик муддатини ўтаган. Биласиз, бу тармоқлар ўтган асрнинг 70 йилларида тортилган. Коммунал соҳада тармоқларда авария ҳолатлари содир бўлиши ҳам табиий ҳол. Истаймизми йўқми бу ҳам катта маблағ талаб этади. Сув ишлаб чиқариш ҳам оддий жараён эмас. Соддароқ айтсак, ер ости сув скважиналари ҳам, канализация ва сув иншоотлари ҳам анчагина электр энергиясини талаб этади.  

Хабарингиз бор, жорий йил 1 октябрдан улгуржи истеъмолчилар учун тариф фойдаланилган ҳар бир киловатт электр энергияси учун 900 сўм этиб белгиланди. (Аввал 450 сўм эди). “Қашқадарё сув таъминоти” МЧЖ 2023 йил 1 октябргача электр энергияси учун  ҳар ойда ўртача 1 миллиард 400 миллион сўм сарфлаган бўлса, 1 октябрдан бу кўрсаткич 2,8 миллиард сўмни ташкил қилмоқда. Бу дегани, бир йилда 15-17 миллиард атрофида қўшимча маблағ талаб этилади. Шу ўринда охирги беш йил ичида Қашқадарё вилоятида ичимлик суви таъминотини яхшилаш билан боғлиқ кўрсаткичларга эътибор қаратсак. 2017-2022 йиллар давомида 1 триллион 306,3 миллиард сўм маблағ эвазига 3 минг 52 километр тармоқлар тортилган. Натижада 162 та МФЙ даги 570,4 минг нафар аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланиб, таъминланиш даражаси 51,6 фоизга (1,8 млн. нафар) етказилди.  

Бу кўрсаткич йил якуни билан 59,4 фоизга етиши кутилмоқда. Ваҳоланки, 2016 йилда марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 37 фоизни ташкил қилган. Рақамлардан кўриниб турибдики, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун ажратилган маблағ ҳазилакам эмас. Қолаверса, лойиҳаларнинг аксарияти Халқаро молия ташкилотлари иштирокида амалга оширилгани ҳисобга олинса, сув таъминоти корхонасининг улар олдидаги мажбуриятлари ҳам ортмоқда.  

Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда бугунги кунда вилоятда ичимлик суви ва канализация хизматлари учун тарифлар қайта кўриб чиқилди. Бир куб сув нархи 2 минг 500 сўм қилиб белгиланди. Хўш, белгиланган нарх шунчалик қимматми, асоссизми? Дунёнинг турли давлатларидаги нархларни солиштирсак, бизда сувнинг қиймати анча пастлигини кўриш мумкин. Маълумотларга қараганда, ҳозирда Европа давлатлари аҳолиси ичимлик суви учун дунёдаги энг юқори нархда тўлов қилади. Рўйхатда биринчи ўринни Норвегия эгаллаган. Мамлакат фуқаролари 1 000 литр (1 кубометр) ичимлик суви учун 5,51 евро тўлайди. Кейинги ўринларда Германия (4,67 евро), Дания (4,37 евро), Нидерландия (3,99 евро) келтирилган.  

[gallery-15131]

Европадаги давлатларнинг барча шаҳарлари ичида ичимлик суви Италиянинг Неапол шаҳрида энг арзон ҳисобланади. У ерда ҳар бир кубометр чучук сув нархи 1,42 евро туради. АҚШда эса сув нархи Европадаги нархлардан 3 баробар арзонроқ. Лекин 2022 йил март ойининг статистикаси кўра, Қўшма штатларда 1,5 литр қадоқланган сув нархи 1,98 доллар. Ўзбекистонда эса 0,23 долларни ташкил этади.  

Шу ўринда яна бир гап. Бугунги кунда дунё олимлари кун келиб сув қиймати жиҳатдан нефт ва газдан ҳам қимматроқ маҳсулотга айланишини башорат қилиб турган бир пайтда сувдан оқилона фойдаланишимиз давр талаби. Ичимлик сувини хўжасизларча томорқага оқизиб қўяётганда ёки машинамизни ювиш учун 100 литрлаб сувни сарфлаётганимизда унинг бебаҳо неъмат эканини ҳис қилсак фойдадан холи бўлмайди.  

Ўлмас Баротов,

Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари